Саналар
23.06.2018
Баннер
Туркистонда вақф ишлари
PDF Босма E-mail

Туркистонда ҳозиргача маълум бир йўлға қўиилмағон чатоқ ишлардан бири вақф ишларидир. Инқилобдан бери вақф ишлари учун юзларча комиссиялар тузилди. Турлук лойиҳалар ясалди. Лекин кутилган бир натижа чиқмади.
Кейинги вақтларда вақфларни халқ қўлиға бериш сиёсати майдонға чиқди. Бунинг учун ТурЦИК томонидан бир лойиҳа тузилуб, қози ва мударрислар қурултойидан ҳам ўтказилди. Самарқанд, Фарғона областларида вақф шўролари тузилиб ишга ҳам киришилди. Сирдарё областида ҳам мундан бир ой муқаддам турлуқ ташкилотлар тарафидан вақф шўроси учун вакиллар сайланиб тегишлик ўрунларға топширилди. Эски шаҳар ижроқўмида сайлов қарорномалари ойлаб ётғондан сўнгра тасдиқ қилинуб, музофот ижроқўмиға топширилганлиги эшитиладир. Ҳар ҳолда у ерда ҳам ёта-ёта зериккач, ундан ҳам тасдиқ қилиниб, Сирдарёмизда ҳам вақф шўроси ишга киришса керак.
Вақф шўролари ишга киришган билангина қутулган натижа чиқарми, йўқми? Унисини келгуси кўрсатур. Ёлғуз ҳозиргача вақф ишларини бу тариқа чатоқ ҳолда қолдируб келган туб сабабларнинг энг каттаси вақфларни сарф ва бошқариш тўғрисидаги фикрларнинг турлуклигидир. Бир-бирисига тамом тескари бўлғон бу фикрлар бирлашмаган такдирда вақф ишлари тағин чувалур. Ҳар ким ҳар томонға қараб тортар. Уришилур, сўкишилур. Натижада, такрор воқифларнинг тоғ каби мадрасалар бино қилишдан ва улардаги ўқуғувчи ва ўқитғувчиларнинг таъминоти учун қолдирғон милиюн-ларча вақфларидан куткан мақсади муқаддасалари шу чоқғача бўлуб келганидак поймол бўлур. Бунчалик вақфлар, бунчалик мадрасалардан халқнинг маориф ва маданияти номиға фойдаланиш мумкин бўлмас.
Бошқа мутараққий ислом мамлакатларда кўбдан буни тушуниб, бу тўғридағи ихтилофи афкорни ора-дан кўтарганлар. Вақф ишларини маълум бир йўлға қўйиб маориф буджатенинг буюк бир қисмини вақф-дан таъмин этканлар.
Биз ҳам вақфлардан маориф йўлида керагича истифода қилмоқ, воқифларнинг руҳларини шодлантирмоқ бўлсак, аввало, бу тўғридағи ихтилофларни бир ёғлиқ қилуб, фикрларни бирлашдиришимиз керақдур. Вақф ишлари тўғрисида инқилобдан бери бошлуча тўртфикр рул ўйнаб келди:
1-ҳасадчилар;
2-тафритчилар;
3-ифротчилар;
4-мўътадиллар фикри.

Ҳадисчилар кимлар? Маълумки, Туркистон вақфлари мусулмонлар тарафидан дин, маориф ва маданиятлари учун тахсис этилиб қолдирилғон хос ва холис сармояи миллияларидир. Бошқа миллатлар қаторида умумий маориф сармоясидан фойдаланиш устига, ўзларининг ушбу миллий сармояларини ҳам яхши бир йўлға қўя олсалар, эҳтимолки, тез кўтарилиб (тараққий қилуб), ўзларини мустамлакачилар қуллуғидан қутқарсалар, ерлик халқнинг доимо жаҳолатда қолуб қул бўлуб туришларини истаган мустамлакачилар, албатта, буни кўралмайдилар. Ҳасад қилурлар. Шунинг учун қайси йўл бўлса-бўлсун, вақфларни ё бутунлай хазинага олмоқ ва ё ҳеч бир яхши йўлға киришга йўл бермасдан, ҳамиша чатоқ бир ҳолда қолдириш ҳаракатида бўлурлар.
Вақф ишлари дуруст бир йўлға кира бошладими, даррав бир чатоқ чиқариб ишни бузадирлар. Бу жиноятни тўғридан-тўғри ўзлари қилмасдан, ерликтардан бир неча алданғон ёки сотилғон «кишилар» топиб, улар воситаси билан ишлайдилар-да, лабларини ялаб: «Ерлик ишчиларнинг ўзлари ундай истайдилар», деб кўзларини лўқ қилуб қараб тура берадилар. Жуда бўлмоғон тақдирда, отини «Шарқ сиёсати» қўйиб, вақфларни подшоҳ замонасидек бутун муллоларни ўз ихтиёрларига қолдириш фикрини қувватлайдилар. Бундан мақсадлари эса, бир оз вақт шундай қолдириб, замони келганда: «Қачонғача муллолар вақфни ўринсиз еб ётадирлар, буни хазинага олмоқ керак», деган бир фикрни қувватлаб ўткаришдир.
Мана бу фирқани биз ҳасадчилар, мустамлакачилар, ерлик халқ кўтарилишини истамагувчилар деб таъбир этамиз. Инқилобдан бери вақф ишлари шул фирқанинг ҳабис фикрига қурбон бўлуб келди. Кейинги, урЦИК лойиҳаси ила шояд бу фирқанинг фикрига хитом берилган бўлур, деб умидланамиз.

Тафритчилар кимлар? 19 нчи асрнинг бошларидан то Русия инқилобиғача бўлғон бир муддатда Туркистон мадрасаларининг тарихини ва бунда бўлғон таълим-тадрис йўлларини, вақфларда бўлғон суъиистеъ-молларни ва етишдирган шогирдларини бир даража назардан кечирилса, кўнглида андак миллий ва диний ҳисси бўлғон ҳар кишининг кўзидан беихтиёр ёш оқадир. Бу хусусда ҳозиргача кўб ёзидди, сўзланди, гакрор тафсиллаб ўлтиришни лузуми йўқ. Фақат шунигина айтиш мумкинки, сўнг асрларда кўб мадрасаларимиз диний ва дунёвий илмлардан тамом тозаланиб, холис ишсизлар еткуза турган бир танбалхона ҳолиға келган эди. Ўтканда Бу-Али, Форобий, Тафтазоний каби ҳакимлар ва олимлар етишдирган Туркистон мадрасалари кейинги кунларда тузукроқ бир мударрис ёхуд имом ҳам етишдира олмайтурғон бир ҳолға тушган эди. Ҳозирда мавжуд баъзи дурустроқ мударрис ва имомларимиз эрса, мадрасаларнинг тартиблиги соясида эмас, мадрасаларнинг тартиб ва қонуни хорижида ўзларининг қилғон хусусий ташаббус ва ғайратлари орқасидағина, фавқулодда заколари соясидагина етишкандирлар.
Вақф тўғрисида шундай бир фикр борки, вақфларни илгаригидек ҳар бир мадрасанинг ўзига бериб ва ҳар бир мадрасага икки-уч мударрис белгулаб, уларнинг шогирдлари бўлсун-бўлмасун, мадраса вақфини баҳузур еб ётишлариға йўл берилсун эмиш. Шундай бўлгон тақдирда, тадрижан шогирд ҳам йиғилар эмиш ҳамда воқифнинг шартига ва шариатга мувофиқ бўлар эмиш. Қисқаси, Никалай замонида мадрасалар ва вақфлар қандай идора қилингон бўлса ва нималар ўқутулғон бўлса, ҳозирда ҳам шундай бўлсун эмиш. Ислоҳи масаллоҳдан ҳеч бир оғиз очилмасун эмиш.
Бу фикрнинг бошида турғувчилар ҳар кимга маълум. Биз буларни тафритчилар ва анфасачилар, замондан хабарсиз, халқни қоронғуда қолдирғучилар деймиз.
Ҳасадчилар ила тафритчилар баъзи моддаларда бирлашиб ҳам кетарлар. Фақат ҳасадчилар билиб ва тафритчилар алданиб бирлашурлар.

Ифротчилар кимлар?
Ҳасадчиларнинг сиёсати ҳабисасига тушунган ва тафритчиларнинг жаҳолат таассубидан куйганлардан учунчи бир фикр келиб чиқадирки, булар «Қўй, бу мадрасаларингдан ва бу муллоларингдан ҳеч бир умид йўқ. Модомики, вақфлар ўз ихтиёримизға берилди, халқ назарига бир неча мадрасаларни лиқиллатиб қўяйлиқ-да, вақф бадаллари ила бир неча ибтидоий мактабларни тарбия қилайлиқ, бизнинг ҳаётимиз ва нажотимиз шул мактабларга боғликдир. Эскини ҳар қанча ямасангда — эски. Эскини ямаб овора бўлуб ўтиргандан кўра, бутун ташлаб, янгисининг ҳаракатида бўлғон яхши» дейдилар. Биз буларни ифрочилар, узоқни кўра олмағувчилар, янги қилиб бераман деб уҳдасидан чиқолмай, халқни эскидан ҳам маҳрум этиб, ялон-ғоч қолдирғувчилар, деб таъбир этамиз.

Мўътадиллар кимлар? — Бу ҳақда келар сонда. (навбатдаги сони чиқмаган, журнал чиқишдан тўхтатилган.)


Мунаввар Қори
«Ҳақиқат» журнали, 1922 йил, 2-сон, 13—15-бетлар.


И з о ҳ л а р:

Вақф — масжид, мадрасалар таъминоти учун белгилаб қўйилган даромадли ер, дўкон, сарой, тегирмон ва ҳоказо молмулклар,
ТурЦИК — Туркестанский Центральный Исполнительный Комитет (Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси), собиқ Шўролар даврида Туркистон Автоном Республикасининг юқори ижро муассасаси.  
Мударрис — мадрасада дарс ўтувчи.
Воқиф — вақф эгаси.
Мутараққий — тараққий этган, ривожланган.
Истифода қилмоқ — фойдаланмоқ.
Ихтилоф — қарама-қаршилик, келишмовчилик.
Тахсис — махсус.
Сармояи миллия — миллий бойлик.
Фирқа — гуруҳ.
Ифротчилар — чегарадан оширувчилар, бирор нарсага ҳаддан ташқари ҳолатда бўлувчилар.
Мўътадиллар — ўртача йўлни тутувчилар, меъёрида иш олиб борувчилар.
Хабис — ёмон, ярамас, ифлос.
Хитом — якун, охир, тугалланиш.


Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи: Бойбўта Дўстқораев.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин