Саналар
23.06.2018
Баннер
Ҳинд сайёҳининг қиссаси. Абдурауф Фитрат
PDF Босма E-mail

МУҚАДДИМА

Бундан анча вақт олдин бухоролик бир киши билан учрашиб қолиб, бу шаҳарнинг қанақалигини сўраган эдим, у шунчалик мақтов сўзларини айтдики, ўша пайтдан бош-лаб бу шаҳарни зиёрат қилишни кўнглимга тугиб қўйдим.
Бу йил ниҳоят ниятимга етдим. Бухоро сафарига отландим. Шаҳарга киргунга қадар бутун йўл давомида ҳикоя қилишга арзигулик воқеанинг гувоҳи бўлмадим. Неча ой давомида Бухоро шаҳри ва бухороликларнинг аҳволини ўргандим ва уларнинг қарийб барча ишларидан хабардор бўлдим.
Жуда катта таассуф билан айтиш мумкинки, бухороликлар фақатгина исломнинг умумий емирилишига «ҳисса» қўшмаган, балки ислом оламининг айрим қавм-қабилаларини ҳам ғафлат оламига тортган эканлар.
Саёҳатимиз тафсилотини баён қилишдан олдин Бухоро ва бухороликлар ҳақида ўзимда пайдо бўлган қисқагина фикримни билдириб, ҳурматли ўқувчиларни мухтасар бўлса-да, уларнинг аҳволидан хабардор этишни зарур деб биламан. Бухоро аҳолисининг жами уч тоифадир: уламо, умаро ва фуқаро...

УЛАМО

Маълумки, Бухоро қадимдан ўта доно ва зукко фузало аҳлини тарбиялаб, вояга етказган. Ҳар куни бир Абу Али, Форобий ва бошқаларни жаҳонга ҳадя этиб, шу тариқа ўзининг шарафли довруғини дунё халқларининг қулоқларига зирак этиб таққан. Аммо, мана икки юз йилдирки, ўзининг илмий қийматини йўқотди. Мирзожон Шерозийнинг кириб келиши билан, Бухоро уламолари лафз-сўзлар маънисини тадқиқ этишдек фойдасиз ишга берилиб, адашдилар. Туркистонликларнинг кўпчилиги бу ерда таҳсил кўрганлиги туфайли, бухороликларга эргашиб жаҳолат ва ғафлат ботқоғига ботдилар. Оқибатда маданият осмонининг порлоқ юлдузи, инсоният китобининг нурли саҳифаси бўлган Туркистонни дўсту душман олдида уятлик бир ҳолга етказдилар, ҳалокатга мубтало этдилар.
Бухоро руҳонийларининг энг мўътабар мақомига эга бўлган бир жамоа кишилар бугунги ҳақиқий илмдан мутлақо хабарсиздирлар. Йигирма йил таҳсил олиб, яна йигирма йил дарс бериб, ундан кейин муфтийлик мансабига эришиб, яна араб китобларини ўқишда қийналадилар, ўзларининг форс тилидаги фикҳ китобларини афзал билиб, оятларни қандай истасалар шундай шарҳлайдилар, ҳадис тўқиб чиқарадилар. Масалан, кези келганда шуни ҳам таъкидлаймизки, ўзлари чексиз зулм ва гуноҳларни содир этадилар, бироқ билмагандек ўтирадилар, бечора авом халқни озгина гуноҳ учун «кофир» деб айблаб, тепкилайдилар.

УМАРО

Бу даҳшат тўла тўдалар онгсизлик туфайли бўлса-да, бахтга эришган тўдалар ёрдамида бир-бирларини қувиб, ҳукмронлик отига миниб, бечораю бадбахт халқнинг мол, жон, арз, номус ва шарафини шафқатсизларча поймол этадилар. Бу «иқтидорли» ҳокимларнинг тўдаси ҳеч вақт ҳеч кимнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлмаган икки тоифадан тузилган. Биринчиси жоҳил ҳокимзодаларки, оталарининг ҳукмронлик даврида фисқ-фужур ва бемаънилик билан маишатга берилиб, барча инсоний фазилатлар-дан, ҳатто саводдан ҳам бебаҳра қолганлар. Бошқа тоифа — аттор ва баққоллар бўлиб, ҳар иккала дунёнинг саодатидан имкони борича баҳрамандликни истайдилар ва илму фазл таҳсилини инсоний фазилатлардан деб биладиларки, ҳаммалари бирлашиб, турли йўллар билан ҳокимликликнинг олий мартабасига етганлар.
Бу «азизлар» мактаб кўрмаганлар, ҳукмронлик қонунларини эшитмаганлар, маъмурий идоранинг одоб ва қоидаларини билмайдилар. Миллат қандай юксалади, мамлакат қайси йўл билан бойийди, давлатнинг хазинаси қандай тўлади каби масалалар хаёлларига ҳам келмайди. «Маълум бир мансабдор ҳокимнинг халқ олдидаги вазифаси нимадан иборат, халқнинг ҳокимга нисбатан ҳуқуқининг даражаси қанчалик» каби фикрларни ҳеч қачон эшитмаганлар. Бироқ, бирон-бир вилоятнинг ҳокимлигига тайинланишса, ўша ер ҳуқуматини дўзах оловининг бароти ёки босқинчилик манбаи деб биладилар. Натижада улар ўзларига қарашли барча кишилари ва дўстлари билан бало лашкари мисоли у ерга қўниб, бадбахт аҳолидан нафслари истагунча мол-ҳол оладилар ва подшоҳнинг хазинаси...га ҳам инсофлари етгунча топширадилар. Ҳеч ким улардан бу дарёсимон ғоратгарчилик ва томчисимон топшириш сабабини суриштирмайди.

ФУҚАРО

Бу бечораларда айб Йўқ, улар ҳар томонлама қобилиятлидирлар. Шунчаликки, буни ўзлари «билмайдилар». Энди уларнинг аҳволини асарнинг асл моҳиятига ҳавола этиб, ҳикоятимизни бошлашни маъқул билдик.

ҲИКОЯТ

Когонда вагондан тушгач, юкларимни бир фойтунга ортиб, шаҳарга йўл олдим. Йўлда божхона текширувидан ўтиб, шаҳар дарвозасига етиб келдик. Арава тухтади. — Нима гап? —дедим.
Бир киши жавоб берди:—Қуёш ботганидан кейин турт соат вақт ўтибди. Шунинг учун шаҳар дарвозасини беркитганлар.
Аравадан тушдим. Кишилар бир одамнинг атрофига тўпланиб, унга ёлборар эдилар. У одам қўполлик билан бир нарсалар деб дўнғилларди. Шу пайт «пул беринг» деган овоз эшитилди. Миршабнинг кишилари одамларни ҳайдаб четга суришди. Дарвозани очдилар. Ўз кўзим била кўрдим: икки-уч аравадаги арманилар ичкарига кириб кетишди. Дарвозабондан сўрадим:
Биродар, арманиларга-ку рухсат бердинг, биз мусулмонларга нега қаршилик қиляпсан?
Дарвозабон жавоб бермасдан бошқа томонга қараб кетди. Шу пайт яна «Йўл беринглар» деган товуш эшитилди. Одамларни орқага суриб, дарвозани очдилар. Энди бир неча арава тўла яҳудийлар шаҳарга кирдилар. Бундан жуда изтиробга тушиб, баланд овозда: «Ё раббий, Муҳаммад умматларининг гуноҳи нима?» деб қичқирдим.
Чеҳраси ёқимли, қиёфасидан нур ёғилиб турган йигит орқамдан келиб: «Жаҳолат!» деди.
Шу пайт яна шаҳар дарвозасини очдилар. Бояги арманилардан бири ичкаридан чиқиб, баланд овозда кимнидир чақирди. Шунда бир ит югуриб келиб эгасининг этагини искалаб, ғингший бошлади. Маълум бўлишича, у шу арманининг ити бўлиб, шаҳардан ташқарида қолган экан. Итнинг эгаси ярим йўлдан уни олиб кетиш учун қайтибди. Ит ҳам ичкарига киргач, шаҳар эшигини яна бекитишди. Энди бу ерда туришга тоқатим қолмади. Бир чойхонага кириб, ҳузур қилиб тонггача ухладим.
Эрталаб турганимда атрофимда жуда кўп одамлар ҳам ухлаб ётар эдилар. Демак, кеча ҳеч кимни шаҳар ичкарисига киритишмабди. Обдастани олиб, таҳорат қилдим. Бомдодни ўқиб бўлганимдан кейин юкларимни бир аравага ортиб, аравакашдан илтимос қилдим.
— Бу шаҳарга биринчи бор келишим, паст-баландини билмайман, мени бирон саройга олиб бориб қўйсангиз — деб илтимос қилдим аравакашдан.
— Жуда яхши,— деди-да, Йўлга тушди. Бозорнинг ўртасида аравамиз тўхтаб қолди. Мен манзилга етиб келдик, деб ўйлабман. Юкларимни олиб тушмоқчи эдим, у. — Ҳали келганимизча Йўқ,— деди.
— Бўлмаса нега тўхтаб турибмиз?—дедим.
— Рўпарамиздан ҳам арава келяпти,— деди аравакаш. Фойтундан тушдик. Икки-учта арава ва фойтун биз билан юзма-юз бўлиб тўхтаб қолди. Йўл тор, ўтиш жуда мушкул эди.
— Нима қиламиз?
— Бир томоннинг аравалари йўлнинг пича кенгроқ жойигача тисарилиб боришлари керак.
Мен: Кенг йўл қайси томонда?
Аравакаш: Ҳар иккала томонда ҳам бор.
Мен: Биз билан юзма-юз бўлганлар нега орқага юрмайдилар?
Аравакаш: Ор қиладилар.
Мен: Бўлмаса сизлар орқага юрингиз.
Аравакаш: Нима, бизда орият йўқми?
Мен: Сизларда ҳам, уларда ҳам орият бор. Лекин, биз нима қилайлик? Аравакаш: Бир оз ўтириб туринг.
Бу пайт ғала-ғовур бошланиб кетди... Аравакашни шу ерда қолдириб олдинроққа юрдим... Ҳаял ўтмай «ушла», «қўйма», «ушладингми?», «ур!» каби товушлар ҳамма ёқни босиб кетди. Томошабинлар жанжалкашларни бўш келмасликка ундаб бақирар эдилар. Ёнимда турган бир кишидан сўрадим:
— Биродар, ҳокимнинг одамлари йўқмикин, буларни ажратса? У киши менинг саволимдан ажабланди:
— Ҳоким одамларининг булар билан нима иши бор?
«Ҳоким одамларики бунга аралашмас экан, ўзимни эҳтиёт қилай», деб, минган аравамга бориб ўтиришни ният қилиб орқага қайтмоқчи бўлдим, бироқ бетартиб томошабинлар йўлни тўсиб қўйишган эди. Жуда кўп машаққатлар билан бир дўконнинг суффасигача етиб олдим-да, жанжалнинг тугашини кута бошладим. Ниҳоят, одамлар ўртага кириб «паҳлавон»ларни ажратдилар. Енгилган томон араваларини орқага ҳайдаб, бир чорраҳада тўхтадилар. Биз бошқа йўлдан ўтиб кетдик.
Арава бир сарой олдида тўхтади. Саройбонлар юкларимни тушириб, мени тор ва қоронғи ҳужрага бошлаб киришди. Нарсаларимни ҳужрада қолдириб, ташқарини томоша қилгани чиқдим. Бу шаҳарда ҳеч кимни танимаслигим туфайли жуда зерикардим. Икки-уч кундан кейин, ёлғизликдан юрагим тарс ёрилар даражага етгач, саройбонни чақириб:
— Менга бирон хушманзара жойни айтсангиз, бориб бир оз вақтимни хуш қилсам,— дедим.
У:
— Ҳавзи Девонбеги атрофини бориб томоша қилинг,— деб жавоб қилиб, йўлни ҳам кўрсатиб берди. Бориб кўрдим: одамлар атрофида сартарошлик дўконлари, соморхоналар бўй чўзган катта ҳовуз четидаги йиртиқ гиламлар устида ўтириб чой ичар эдилар. Ҳовузнинг қибла томонида кенг ва баланд майдон, майдонда эса катта масжид қурилган бўлиб, Бухоронинг кўпчилик аҳолиси намозларини шу масжидда ўқир эқанлар. Ана шу намозхонларнинг барчаси шу ҳовузда таҳорат қиларканлар. Ҳовуз атрофидаги супалардан бирида бир оз вақт ўтирдим. Бухоро муллаларидан иккитаси келиб ёнимга чўкди. Ташқи қиёфамдан бегоналигимни билиб, тез-тез разм солар эдилар. Яккалик жонимга теккани учун ўзимча «булар билан бир оз суҳбатлашсам-чи», деб ўйладим-да, яқинроқ бориб саломлашдим. Алик олиб, бир пиёла чой узатишди, сўнг:
— Қаерликсиз?—деб сўрадилар.
— Ҳиндустондан,— дедим мен.
Улар яна ўз суҳбатларига берилишди. Мени эсларидан чиқаришди чоғи. Шунда уларнинг биридан сўрадим:
— Анчадан бери кузатяпман: одамлар катта-катта мешларни тўлатиб ҳовуздан сув олиб кетадилар-да, бўшатиб яна келадилар. Ажабо, бунча сувни қаёққа олиб борадилар?
Мулло: Хонадонларга олиб борадилар.
Мен: Не учун? Мулло: Ичиш учун.
Мен: Сизлар ҳам шу ҳовуздан сув ичасизларми?
Мулла бир оз аччиқланиб:— Бу сувга нима қилибди?— деди.
Мен: Унинг соғлиқ учун катта зиёни бор.
Мулла: Важаална минал маъи кулли шайъин ҳай — сувнинг инсон соғлиғига фойдаси бор, наинки зарари бўлса?
Мен: Албатта сув инсон учун зарарли эмас, лекин бу ҳовузнинг суви ҳеч ҳам сув эмас, турган битгани кир ва ифлосликдир.
Мулла: Нега ҳаммаси кир экан?
Мен: Бир қаранг, кўплаб одамлар ҳовузда таҳорат қиладилар, оғиз чаядилар, , бурунларини ювиб ташлайдилар, лой оёқларини тозалайдилар. Агар бу сартарошлик, соморхоналар, калла ва балиқ пиширувчиларнинг чиқиндиларини ҳам ҳисобласак, ҳар куни тахминан ярим ман 2 кир бу ҳовузга ташланади.
Мулла: Ушбу гаплардан мақсадингиз нима? Бу ҳовуздан сув ичманглар демоқчимисиз?
Мен: Ундай эмас. Бу ҳовузда таҳорат қилманглар, бурунларингни, оёқларингни ювманглар, ахлат ва чиқиндиларни ташламанглар демоқчиман, чунки бу сув ичиш учундир ва у тоза бўлиши керак.
Шу вақт азон айтилди. Манзилим томон юрдим. Йўлда бир ёш йигит салом берди. Дарров танидим, бу ўша — шаҳар ташқарисида мен учратган йигит эди. Алик олдим.
Айтди:
— Мулла билан ҳовуз тўғрисидаги баҳсингиздан мамнун бўлдим.
Айтдим:
— Ташаккур. Камина бу мулкда мусофирман, ҳеч кимни танимайман, агар малол келмаса, гоҳида менинг манзилимга ҳам ташриф буюрсангиз.
Йигит:
— Таклифингизни мамнуният билан қабул қиламан. Манзилингиз қаерда?
Мен яшаб турган жойимни айтдим. Хайрлашиб, ажралдик. Уйга келгач, саройбондан «бу шаҳарнинг яна томоша қиладиган жойлари борми?» деб сўрадим.
Айтди:
— Эртага сешанба. Ҳазрат Баҳовуддиннинг мозорига боринг.
Кечани ҳужранинг бир бурчагида ўтказдим. Эрталаб ташқарига чиқай деб турганимда, эшик тақиллади.
— Марҳамат, киринг,— дедим. Кечаги йигит бир шериги билан келган экан.
— Сизни уйга олиб кетмоқчиман,— деди у.
— Банда бугун ҳазрат Баҳовуддин мозорини зиёрат қилишни мақсад этган эдим. Агар бирга борсангиз, мамнун бўлар эдим.
Йигит: Албатта бораман. Аммо жаноблари бундан кейин бу саройда турмасликлари керак. Уйимнинг тўри сизга мунтазир. Юкларингизни дўстимга топширинг, бизникига элтиб қўяди. Биз эса биргаликда зиёратга борамиз.
— Жуда яхши,— деб, юкларимни ҳалиги кишига топширдим ва янги дўстим билан ташқарига чиқиб, аравага ўтирдик. Манзилга етгач, бир оз яёв юриб, кенг бир майдонга чиқдим. Кенг саҳнда янги қурилган бино бор экан. Масжид майдонини босиб ўтиб, зиёратгоҳ эшигидан кирдик. Кўрдик: кенг жой, мақбара бўлиб, одамлар уни бот-бот зиёрат этар, таъзим қилар эдилар. Мен ҳам (тавоф қилиш учун эмас, балки тавоф этувчиларнинг ҳолатини кузатиш учун) улар даврасига кирдим. Қабрнинг ҳар жой-ҳар жойига икки-учта қўй шохини қадаганлар, бошқа икки-уч жойда эса от думининг қилларидан йўғон, катта туғлар ясаб, осиб қўйган эдилар. Хўжалар қишлоқлардан келган зиёратчиларнинг ёқасидан ушлаб, «пирингнинг шохини зиёрат қил» дея, ўша шохларни ўптирар ва шу баҳона улардан пул ундирар эдилар. Бечора қишлоқилар чин дилдан бу шохларни ўпиб, кўзларига суртар эдилар. Шу пайтда хўжалардан бири от думидан ясалган туғни олиб, «зиёрат этгин» деб, юзимга суртди. Ғазабим жўшиб кетганидан қулоғининг тагига бир мушт туширдим, Қабрнинг зиёратидан қайтган ҳар бир киши бошини мозорнинг байроғи кўтарилган чўпга қўйиб, уни ўпиб, кўзларига суртар ва йиғлаганча чўпдан бошини олмас, гўё ана шу қуруқ чўпга ўзининг паришон рўзғоридан шикоят этиб, неча йиллардан бери тўпланган ҳожатларини чиқараётгандай эдилар.
Ташқарига чиқдим. Дўстимнинг истаги билан чойхонага кириб ўтирдим. Дўстимга гўё таниш бўлган икки-уч бухоролик келиб, бизнинг ёнимизга ўтирдилар. Бирга чой ичдик. Улардан бири менга қараб, деди:
— Бу файзли мозорни қандай қилиб топдингиз? Мен:
— Нақшбанд ҳазратларининг мақбаралари жуда файзли ва эҳтиромга сазовор жой. Фақат унинг зиёратида жуда катта хатоликни кўрдим.
У киши:
— Нима хатолик?
Мен: Ана шу қабр устида кўтарилган чўп нима? У киши: Мозорнинг аълами — байроғидир.
Мен: Баҳовуддиннинг ўзидан қолганми?
У киши: Йўқ... бу чўп авлиёлар қабрининг аломатидир. Ора-орада тозалаб туриша-ди. Баҳовуддинга ҳеч қандай дахли Йўқ...
Мен: Ундай бўлса нега одамлар бу чўпга тавба-тазаррулар қиладилар?
У киши: Сажда этмайдилар, балки бошларини қўйиб, ҳожатларини билдирадилар.
Мен: Шу ишнинг ўзи сажда этиш эмасми?
У киши: Бу иш ҳам сажда этишдир, бироқ ибодат этиш саждаси эмас, таъзим саждасидир, бунинг зарари йўқдир.
Мен: Насронийларни нега кофир деб атайсизлар? У киши: Улар бутга сиғинувчилардирлар.
Мен: Улар китоб аҳлидирлар. Масиҳ ҳазратларининг умматидурлар, бутга сиғинувчилардан эмаслар.
У киши: Улар бутга ўхшаш бир нарсага сиғинадилар.
Мен: У нима?
У киши чўнтагидан қалам чиқариб, бир қоғозга салиб шаклини чизиб, деди:
— Мана будир.
Мен: Бу ниманинг сурати эканлигини биласизми?
У киши: Бутнинг сурати.
Мен: Бутун дунёда ҳеч бир аҳмоқ киши топилмайдики, бир маънисиз шаклга худо деб сиғинса. Насронийларки, бугун уларнинг илмий асарлари барча жойда маълум ва машҳурдир, бу шаклга ҳеч вақт худонинг номини бермаслар. Сиз бут деб атаган бу сурат дор шакли бўлиб, насронийларнинг эътиқодига кўра, Исо пайғамбарнинг танига тегиб, табаррук бўлган. Шунинг учун насронийларнинг бир гуруҳи унга таъзим юзасидан сажда этадилар. Уларнинг саждаси ҳам таъзимдир, ибодат эмас. Макка кофирлари ҳам мусулмон бўлишдан олдин бутга сиғинар эдилар, гўё ўша бутлар қиёмат куни уларни асрар экан. Жуда ҳайратланарли жойи шундаки, сизлар бошқаларни бутпарастлик ва салибга сиғиниш жиҳатидан кофир деб атайсиз, шу қатори ўзингиз ҳам мозор чўплари ва яловларига сажда қилиб, ҳожатингиз раво бўлишини Баҳовуддиндан тилайсиз ва яна ўзингизни мусулмон деб айтасиз.
Сажда этиш эса, уни таъзим деб атасалар ҳам, ибодат деб атасалар ҳам — фақат Оллоҳгагинадир. Сизга ислом тарихидан озгина қисса этсам:
Муҳаммад пайғамбар ҳазратлари Макка кофирларининг мурувватсизликларидан хафа бўлиб, ўз яқинларига Ҳабаш томон йўл олишларини буюрди. Саксон икки эркак ва йигирма бир аёл йўлга тушиб, Ҳабаш шаҳрига етдилар. Нажоший (Ҳабаш подшоси) ислом муҳожирларининг тупроғига келганларидан хабар топиб, уларни ўз ҳузурига чақирди. Муҳожирлар Нажоший ҳузурига кирдилар, бироқ унга сажда этмадилар. Дарбор аҳли уларнинг бу ҳаракатларидан ҳайратда қолиб, сўрашди:
— Биз, одатимиз бўйича, подшоҳимизга таъзим ва сажда қиламиз. Сизлар нега ундай қилмадингизлар?
Ҳазрат Алининг биродари Жаъфар ибн Абу Толиб уларнинг орасида эди, бундай жавоб берди:
— Биз пок Оллоҳдан бошқа ҳеч кимга сажда этмаймиз. Пайғамбаримиз бизни кишиларга сажда этишдан манъ қилганлар ва худованддан ўзгага сажда этмаслигимизни амр этганлар.
Нажоший Жаъфарнинг бу жавобидан хушвақт бўлиб, айтди:
— Оллоҳ ҳаққи айтаманки, менинг учун Оллоҳдан ўзгага таъзим этмайдиганлар энг қадрли кишилардир.
У киши: Сиз ҳазрат Баҳовуддин ҳаққига одобсизлик қиляпсиз.
Мен: Оллоҳ асрасин, фақир ҳеч вақт авлиёларга нисбатан одобсизлик қилганим йўқ, қилмасман ҳам. Ҳазрат Баҳовуддин ёмон одам эди демайман ва одамлар унинг зиёратига келмасинлар деб ҳам айтмайман. Пайғамбар ҳазратлари «қабристонни зиёрат этингиз, чунки бу сизларга охиратни эслатади», деб уқтирганлар. Албатта, мозорларни зиёрат этиш, агар ўликлар ва қиёматни эслаш учун бўлса, яхши ишдир. Лекин, масала шундаки, бу зиёратни бутпарастлик даражасига етказиш керак эмас. Инсоф қилинг: ҳазрат мозорида намоз ўқийсиз, бу мозор туғининг чўпига сажда этасиз, ҳожатларингизни чиқаришни Баҳовуддиндан тилайсиз. Бугун Бухорода ҳеч ким йўқки, «ё оллоҳ» ўрнига «ё Баҳовуддин» демаса. Буларнинг ҳеч бири шариатга мос эмас. ...Биз Баҳовуддин ҳазратларини яхши кўрамиз, эҳтиром этамиз, зиёратларига келамиз, лекин бу муҳаббатимиз, эҳтиромимиз, зиёратимиз бизни шариат қонуниятидан чиқариб, баҳовуддинпарастликка олиб келиши мумкин эмас.
Шу пайтда биз ўтирган чойхона рўпарасида, йўлнинг ўртасида бир киши тушунарсиз шева билан, баланд товушда байт ўқиб, барчанинг диққатини ўзига тортди. Дўстимдан сўрадим:
— Бу ким?  Дўстим: Маддоҳ. Воиз ҳам дейишади.
Мен: Ҳа... Воизлар яхши кишилар, мусулмонларни ҳақ йўлга даъват этадилар. Уларнинг айтганларига қулоқ солиш керак. Дўстим кулиб, деди:
— Агар шундай бўлса, қулоқ солинг!
Маддоҳ киши кулгили сўзлар билан ҳикоятини бошлади. Аммо қанақа ҳикоят денг.. Ўзининг маймунсифат ҳаракатларидан ҳам ажиброқдир. Бу ҳикоятни бирон-бир китобдан топиб ўқиёлмайсиз: пуч, бемаъни, ёлғон, кулгили. Масалан, бундоқ айтар эди:
— Ҳазрат Али бир наъра тортишда ўн олти фарсаҳ ерни ларзага келтириб, гумроҳ ювиқсизнинг белбоғидан олиб, осмонга қараб улоқтирган эдилар, халойиқ кўз унгидан бутунлай йўқолди. Бир соатдан кейин осмондан лапанглаб туша бошлади. Яна қул узатиб, белбоғидан олиб, боши узра айлантириб ерга қараб урган эдилар, сурма сингари уқаланиб кетди.
Содда одамлар ушбу сафсаталарни эшитар эканлар, ҳазрат Алини узларича тасаввур этиб ғолибона табассум билан унга таҳсин ва офаринлар изҳор этар эдилар.! Тўсатдан бу маддоҳ ўз ҳикоясини ярмида тўхтатиб, Эрон торчиларининг ўйинчиси сингари типирчилаб ётиб-туриб, турли ҳаракатларни қилишга киришди. Шунчалик ўзини ерга урди, югурди, чапак чалди, наъра тортди, кўкракларига мушти билан урди, саллаларини ерга отиб юбордики, аниқ девона бўлди деб ўйладим. Дустим деди.
— Пул истаяпти.
Мен: Ҳали ҳикояти тугаганича Йўқ-ку?
Дўстим: Тўғри, агар ҳикоятини тугатиб сўраса, ҳеч ким бермайди. Шунинг учун қиссасини энг қизиқ жойида тўхтатиб, пул сўрайди.
Туриб кетдим. Дўстим ҳам менга эргашди. Қолган вақтимизни атрофни томоша қилиш билан ўтказдик. Кечаси хўжалардан бирининг уйида меҳмон бўлдик. Эрталаб вақтли туриб, шаҳар айланишга чиқдим. Ўнг томонда жойлашган чоихоналардан турли товушлар қулоғимга чалинди. Дўстимдан сўрадим:
— Нима гап?
Дўстим: Ҳофизлар ғазал ўқимоқдалар.
Мен: Бориб кўрайлик.
Дўстим: Кўришга арзигулик эмас.
«Нима бўлса ҳам, кўрмасдан кетиш яхши эмас» дедим-да, ўша томонга қарао юрдим. Иложсиз қолган дўстим ҳам ортимдан эргашди. Беш-олти қадам юрганимни биламан, нимани кўрдим денг? Ҳайҳот! Бу шарофатли жаннатнинг ёнида жаҳаннам дарвозалари очилибдир. Бу муқаддас мозорнинг ёнида Лут қавмининг разолати паидо бўлибдир! Одамлар чойхоналарнинг ўртасида беш кишилик-ўн кишилик давра тузиб, давранинг ўртасида биттадан ёш ўғил болани ўтирғизишган. У масъумлик ва уятчанлик билан икки-уч ёдлаган байтини айтиб берар эди. Атрофдагиларнинг ҳар бири, худди шайтондек, унинг атрофини ўраб олишган, ўзларининг шаҳват тўла нигоҳларини бечорага қадаган эдилар!!! Ушбу ваҳимали ва куфрли томошадан бутун вужудимни титроқ босди. Девоналарга хос бир ҳаракат оёқ-қўлимни эгаллаб олган эди. Ўз-ўзимча аитар эдим: «Ё Муҳаммад! Агарчи қийин бўлса ҳам тикка тургин! Тургин! Эй маданият қоидаларининг ношири, ушбу ваҳшийларнинг ҳаракатига бир назар сол! Эй оламни халқ этганнинг мусаллаҳ ҳомийси! ёки буларни тарбиялашнинг бирон чорасини топ ёки Лут қавми сингари ер тагидан буларга ҳам жой кўрсат! Бу уятсиз ва шармандаларнинг ифлос вужуди Қуръоннинг обрў-эътиборига путур етказишига йўл қўйма!»
Дўстим қўлимдан ушлаб:
— Кетайлик,— деди.
Таклифига қўшилиб, йўлга тушдим. Биз фойтунга ўтириб, дўстимнинг уйига келдик. Кечам жуда нотинч ўтди. Тонгда дўстим уйғотди. Намоз ўқиб, таом тановул қилдик. Дўстим сўради:
— Бугун қаёққа боришни мўлжалламоқдасиз?
Мен: Агар фурсатингиз бўлса, мадрасаларни зиёрат этсак.
Дўстим таклифимни қабул этди. Кийиниб ташқарига чиқдик. Катта мадрасага етиб, ичкарига кирдик. Бу мадраса жуда олий даражада эди. Дўстимдан мадраса тўғрисида батафсил сўзлаб беришини сўрадим.


Деди:
— Буни Кўкалдош мадрасаси дейдилар. Бир юз қирқ ҳужраси бор. Дарсхона, кутубхона, умумий таомхонаси ҳам мавжуд. Йиллик вақф пулининг миқдори бир юз эллик минг танга бўлиб, ҳар йили минг тангаси кутубхонага берилади. Йигирма тўрт минг тангани мударрислар оладилар. Қолган қисми эса имом, сўфи, фаррош, мешкоб, сартарош ва ҳужра эгалари ўртасида тақсимланади.
Ташқарига чиқдик. Қаршимизда яна бир мадраса юксалган эди. Дўстим айтди:
— Буни эса Девонбеги мадрасаси деб атайдилар. Етмиш бир ҳужраси, Кўкалдош мадрасаси сингари умумий таомхонаси ва дарсхоналари бор. Йиллик вақфи бир юз эллик минг тангани ташкил қилади. Ушбу маблағдан йигирма тўрт минги мударрислар-га тегади. Қолганини эса муаззин, фаррош, мешкоб, сартарошлар бўлиб оладилар.
Дўстимнинг ушбу сўзларидан жуда қувониб:
— Алҳамдулиллоҳ. Бухоро бу жиҳатдан ўзининг шарафини тўла ҳимоя қилган экан,— дедим.
Дўстим таъсирланиб, гўё сўзларим жароҳатини янгилагандек, ғамгин нигоҳини менга қадади-да;
— Оҳ... шунақа!—деди. Ва жуда катта машаққат билан ўзини босди. Мен яна хурсандчилигимни изҳор этиб, дедим:
— Ҳақиқатан ҳам шундай олий мадрасалар ва катта миқдордаги вақфларга эга бўлиш ҳар бир мулкнинг шараф ва саодатининг белгисидир. Бухороликларнинг юксак толеи ва Бухорога таҳсил учун келадиган талабаларнинг хушбахтлигидир.
Дўстим бу сўзларимдан яна паришон аҳволга тушди ва бу ҳолатини сездирмаслик учун қўлимдан тутиб, тушкун оҳангда:
— Кетдик,— деди.
Уч-тўрт соат шаҳар бозорини томоша қилдик. Бу шаҳарнинг дўконлари эски услуб-да қурилган. Айрим расталарда Ғарб услубида қурилган бир-икки дўкон кўзга ташлана-ди. Бухоро аҳолиси жуда катта давлат ва бойлик эгаси бўлиши мумкин. Эронга нисбатан маънисиз такаллуфлар бу мулкда камдир, илло бесоқол болаларга нисбатан таъзим ва эҳтиромни бандалик даражасигача етказадилар! Агар йўлдан бирон бесоқол бола ўтадиган бўлса, атрофини таъзим ила букилган қоматлар ўраб олади ва уни ўз давраларидан ҳаёсиз сўзлару оҳ-воҳлар билан кузатадилар. Абу Али ва Форобий фарзандлари учун нақадар пасткашлик бу!!! Дўстим мени ушбу ҳаёсизлик мусобақаси аро олиб ўтиб, яна икки-уч мадрасани зиёрат этишимга ёрдам берди.
Кун ботарга яқин уйга қайтдик, хуфтон намозига қадар дам олдик. Менинг таърифимни дўстимдан эшитган шекилли, бир маҳал икки киши кириб келишди. Танишганимиздан сўнг бир оз суҳбатлашдик. Дўстимга айтдим:
-Сизнинг илтифотингизнинг баракоти туфайли, айрим мадрасаларни томоша қилдим. Жуда мамнун булдим.
Дўстим: Албатта, сизни мамнун этиш менинг бурчимдир. Агар истасангиз, эртага ҳам мадрасаларни томоша қиламиз.
Мен саломат бўлинг. Сиздан умидим ҳам шудир. Бироқ, Бухоронинг барча мадрасаларини кўриш шарт эмас. Эртага бошқа жойга борамиз, аммо бу кеча Бухоро мадрасалари ҳақида бир оз маълумот берсангиз, жуда мамнун бўлар эдим. Дустим чой қуйилган пиёласини ерга қўйиб, ҳикоясини бошлади:
Бухорода икки юзга яқин мадраса бўлиб, улар уч тоифага бўлинади: олий, ўрта ва ибтидоий...

Бухорода йигирмадан ортиқ йирик ва кичик таомхоналар бор. Йирик таомхоналарнинг ҳар бирининг йиллик вақфи ўн мингдан қирқ минг тангагача, кичик таомхоналарнинг ҳар бирининг йиллик вақфи эса тўрт мингдан тўққиз минг тангагачадир.
Булардан ташқари, беш ёки олтита қорихона ва қирққа яқин таҳоратхона ҳам бор. Уларнинг ҳар бири учун кўп миқдорда йиллик вақф тайинланган.
Ҳикоянинг шу жойига етганда, дўстим тўсатдан жимиб қолди. Мен бу тафсилотдан мамнун бўлиб, Бухоро ва бухороликларни мақташ ниятида бошимни кўтардим. Бироқ, афсуски, мен ҳам ноилож сукут сақлашга мажбур бўлдим, чунки дўстимни жуда қаттиқ ҳаяжонга тушган, юзи алам ва ғазабдан қизарган, кўзларида олов чақнаган ҳолда кўрдим. У ўн дақиқа сукутдан кейин бирдан «уҳ» тортиб, деди:
— Шундай қилиб, оламга тўрт юз олимни ҳадя этган Бухорои шариф шунчалик мустаҳкам илмий кучга эга бўлиб, энди... оҳ! Буюк бадбахтлик билан иқрор бўламанки, ҳозир бу маданият қуёшининг осмони, бу инсоният оламининг жаннати, бу фозиллар дунёсининг маъмур хонадони, бу маърифат жаҳонининг дарсхонаси тараққиёт учун барча воситаларга эга бўлса ҳам, жаҳолатнинг асл макони, хорлик занжирининг асирилигича қоляпти. Тирикчилик учун барча зарур воситалари бўлишига қарамасдан, ёқасини ажал панжасига топширган.
Во ажаб, нега?
Шунинг учунки, юқоридаги барча хайр жойлар, ҳисобсиз маблағлар ҳалқ мулкини таловчи бир тўда разолатпеша худобехабарларнинг разолат уйига айланиб, икки-учта ўз қорнини ўйлайдиган инсофсиз кимсаларнинг фасод тўла қозонини қайнатишдан бошқа нарсага ярамаса, бировнинг оғирини енгил қилмаса, улардан халққа нима наф? Бизнинг оталаримиз... илм олишнинг аҳамияти ва даражасини тушуниб етиб, икки юз мадраса, ҳар мадрасада эса ўнтадан ўн бештагача ҳужралар қурганлар. Мударрислар ва шогирдларнинг кундалик харажатларини инобатга олган ҳолда, йилига тўрт миллион тангадан ошиқ вақф пули ажратганлар. Бу билан ҳам кифояланмай, талабаларнинг ўқишларини тўла таъминлаш учун ўн битта кутубхона қуриб, ўз даврларининг жами китобларини шу ерда тўплаганлар. Илму фаннинг кундалик тараққиётини инобатга олиб, ҳар йили китоб ва турли мажмуаларни яратиш учун қирқ минг танга вақфия ажратдилар. Шарқ илмига алоҳида аҳамият бердилар. Мадрасалар билан кифояланмай, беш ёки олтита қироатхона қуриб, унинг ҳам йиллик вақфини тайинладилар. Биз — бу ҳиммат эгаларининг азиз фарзандлари эса шунчалик бахтли шароитга қарамасдан, бадбахт, жоҳил ва мискин ҳолда қолдик. Мадрасамиз бор, кутубхонамиз бор, бироқ юртимизда тафсир ва ҳадиснинг бир бетини, ҳатто араб тилидан бир байтини хатосиз ўқиб, комил равишда тушунтириб берадиган биронта алломага эга эмасмиз! Оҳ, ё раббий! Шараф эгаси бўлган бир қавм учун қанчалик хўрлик!..
Шу пайт дўстим тўлқинланиб, кўз ёши қилди. Йиғлаганини менга билдирмаслик учун бир оз сукут этиб, икки дақиқадан кейин, титроқ ва йиғи аралаш товуш билан сўзини давом эттирди:
— Икки юзта мадрасамиз бор. Уларнинг барчаси тўрт миллион тангага яқин вақфга эга. Фақат бу вақфларнинг барчаси иккига бўлиниб, бир қисми «ҳаққул-тадрис» номи билан дарс берувчиларнинг «ҳамият» чўнтагига киради. Иккинчи қисмини эса ҳужраларга қараб тақсимлаганлари, ҳеч шубҳаланмасдан бу қисмни бечора муллабаччаларнинг ҳалол ҳақи, десак бўлади. Бадбахтликни кўрингки, ушбу ҳужраларни ҳам муфтийлар, мударрислар ва бошқа давлатманд уламолар ўзларининг мулкларига айлантиришган. Шунинг учун, муллабаччаларнинг вақф пулларини ҳам ўзларига олганлар. Ҳатто ҳужраларни ўн мингдан қирқ минг тангагача нархда сотадилар.
Уларнинг қиладиган яхши ишлари шуки, талаба ижара пулини тўламаса-да, унинг шу ҳужрада яшашига рози бўладилар. Бироқ бу савоб жиҳатидан эмас, балки бир неча фойдани кўзлаб қилинган ишдир. Биринчидан, уларнинг ҳужрасида яшовчи муллабачча ҳамма вақт ҳаммол сингари хўжайинининг хизматида бўлиши шарт. Иккинчидан, ҳужра эгаларининг олим ва жоҳиллигидан қатъий назар, улардан дарс олиши керак. Бу эса уларни «шогирдим бор, дарс бераман», дейишларига асос бўлади ва каттароқ мадрасаларга мударрислик қилишлари учун йўл очиб беради. Учинчидан, ўша фақир муллабачча «устоз ҳазратлари ҳужрани бошқа кишига бермасин», деган мулоҳазага бориб, китоб пулини кўпроқ бериб, гоҳида ҳадя тусида турли нарсаларни ҳужра эгасига тақдим этади.
Тўғри, кутубхонамиз бор, бироқ китоб қани? Барча китобларни ўша тоифадаги уламолар уйларига элтиб, ўз мулкларига айлантирганлар. Муайян вақф пулига эга китоблардан бўшаган кутубхонанинг хоналарини мударрисликка нолойиқ (яъни саводи бўлмаган) қози ва муфтийнинг ўғилларига топширадилар. «Ҳазрат» махдум ушбу кутубхоналарнинг вақфини ўзлаштириб, иморатини бир бечора муллабаччага беради. Бу ҳам икки шарт билан: биринчидан, муллабачча кечаю кундуз эшони маҳдум хизматида ҳозиру нозир бўлиши керак, иккинчидан, жаноблари бора-бора бу маҳдумни ҳам «дарс берадилар» баҳонаси билан мударрисликка кўтармоқчилар.
Уч юзга яқин ибтидоий мактабга эгамиз, лекин буларнинг бари бесавод муаллимларнинг разолатхонасига айланган. Оҳ, ё раббий! Қандай ажиб тилсимдир бу мулкнинг аҳволи! Бугун дунёдаги бой мулкдорлар ўғрилик, бадахлоқлик, разолат, бечораликни йўқ қилиш учун мактаблар очадилар ва агар шаҳарларида бир мактаб очилгудек бўлса, дўппиларини осмонга отадилар. Бизда эса уч юздан ортиқ ибтидоий мактаб бўла туриб, болаларимиз ўғрилик, бадахлоқлик, разолат ва бечораликка маҳкумдирлар.
Қорихоналарга эгамиз, бироқ бутун Бухорода бирон бир киши «оллоҳ» деган буюк сўзни дил-дилидан айта олармикин? Ахир, саодатимизни талон-тарож этган, истиқболимизни бало оловининг ўртасига ташлаган бу уламолар жамоаси бизга қандай таълим берадилар? Фиқҳдан: ҳар ким таҳорат пайтида ўзининг чап қўли билан оғзини чайқаса ёки оёғини ўнг томондан бошлаб ювмаса, етмиш минг йил дўзах оловида ёнади. Ҳар ким илм аҳлига икки марта салом бермаса, кофир бўлади. Ҳар ким олим кишининг оёғи теккан кўчадан юрса, ҳисобсиз ва азобсиз жаннатга йўл олади. Осмоннинг тўртин-чи қаватида етмиш минг бошли, ҳар бошида етмиш минг оғиз, ҳар оғзида етмиш минг тил ва тилининг ҳар бири етмиш минг луғат билан сўзлашувчи малоика мавжуд.
Худобехабар! Сен Бухорода туриб Самарқанддаги аҳволдан бехабарсан, тўртинчи осмондан қандай қилиб хабар берурсан?!
Ҳайҳот!.. Тоғ қани, ўтлоғ қани?!
Эй бечора миллат! Буларнинг барчаси мажбуран шаръийлаштирилган ҳуқуқлар бўлиб, сен ҳозир ана шу зўравонлар — қонингни сўрувчи, хонумонингни кўкка совурув-чи, шараф ва номусинг бунёдига ўт қўювчи кишиларга тарафдорсанки, ҳали ҳам буни тушунмайсан! Наинки тушунмайсан, балки бу масалани англаб етган, аҳволингни жиддий ислоҳ этишга ҳаракат қилаётган, кўп маблағларни эл учун сарфлашга интилаётган бир донишманд жамоани кофирлар қаторига қўшасан. Афсус, афсус!

— Ҳақиқатан ҳам Бухоро ва бухороликларнинг аҳволи ачинарли бўлиб, воқеан худписанд уламоларнинг ишлари бу миллатнинг йўқолишига сабаб бўлган. Бироқ, биродар, бундан жуда ҳам қайғуга тушманг. Фақат сизларнинг уламоларингиз эмас, охирги уч юз йил ичида ислом оламидаги барча уламолар шунга ўхшаш хиёнатларни қилиб келмоқдалар. Куни кечагача усмонли турк, татар, Эрон ва Ҳиндустон уламолари ҳам сизнинг уламоларингиз сингари ўзларининг мазлум халқларининг қонини ичиб келдилар. Фақат у миллатлар сизлардан олдин бу ҳақиқатдан огоҳ бўлиб, имкони борича уларнинг томирига болта уришга интилиб, жуда қисқа вақт ичида халқпарвар уламоларни қорни йўғон уламолардан ажратиб, биринчиларини бошларига тож қилиб, иккинчиларини эса оёқ остига олдилар. Илоҳий қонун будир: модомики бирон бир қавм ўзининг ишларини Оллоҳ фармойиши асосида олиб бормас экан, ўзининг шахсий ҳаётини шараф, саодат ва фароғат, буюклик билан ҳамқадам билиб ўтказмас экан, тинчлик ва осойишталик ниятларини йўққа чиқаришга интилиб, кибр ва ғурур водийсига қадам қўяр экан, чин ҳақ ва адолат йўлидан чиқар экан, ўша заҳотиёқ шон-шарафлари ер билан яксон бўлиб, осойишталиклари заҳматга, буюкликлари эса хорликка айланиши муқаррардир!.. Ва қачонки бу адашувчилар фалокат ва ожизлик юкидан «дод» деб, ғафлат уйқусидан уйғониб ўзларининг саодатларини барқарор этиш йўлида саъй-ҳаракат этсалар, ҳазрат боритаоло уларнинг қайтадан дардларига даво ато этиб, қўлдан кетган неъматларини қайтариб беради. Хурсанд бўладиган томони шундаки, бугун сиз ва сизга ўхшаш доно, зукко, ҳамиятли, мутафаккир ёшлар етишиб чиқибди. Шунинг ўзи бухороликларнинг уйғониши учун катта далилдир.
Ҳаммага маълумки, ҳар бир миллатнинг тараққиёти учун илм асосий сабабдир. Сизнинг илмингиз йўқ. Лекин тўла ифтихор билан айтаманки, бугун илм олиш учун сизнинг шаҳрингизда барча шароит муҳайёдир. Масалан, бир жоҳил миллатнинг олим бўлиши учун уч нарса зарурдир: пул, мадраса, саъю амал. Сизнинг Бухоронгизда мадраса ҳам, пул ҳам бор, чунки бу вақфларнинг барчаси илм олиш учун вужудга келган; саъю амал — интилиш ҳам мавжуд; чунки Бухоро аҳли илм таҳсилига муҳаббатликдир. Фақат шуни айтиш керакки, сизларнинг дарс бериш ва дарс олиш тартибларингиз ёмон, мадрасаларнинг вақфи эса ҳисобсиздир. Ҳар иккаласини ҳам тузатиш осон. Тўла ишонч билан айтаманки, бир одил, тўғри фикрловчи амир ва тадбиркор, худодан қўрқадиган вазир бўлса, бу ишларнинг барчасини ислоҳ этса бўлади.
Ҳақиқатан ҳам шукр қилишингиз мумкин, чунки бир одил подшоҳ ва бир доно вазир Бухоро мадрасаларининг ислоҳи учун бел боғласалар, ўша куни Бухорода элликта олий, элликта ўрта мадраса ва уч юзу олтмишта ибтидоий мактаб очилиши муқаррардир.
— Сиз бу миллат ҳақида қанчалик илиқ фикр айтманг, мен барибир уларни ёмон кўраман. Сиз бу миллатга қанчалик умид билан боқсангиз, мен шунчалик умидсизланаман. Бу шундай миллатки, ҳақини ғорат этсалар, ўзи ана шу яғмогарлар оёғига бош қўйишни фазилат деб билади. Фано қудуғига бошлари билан ботиб турсалар-да, ўзларининг халоскорларини кофир деб атайдилар.
Улардан нимани умид қилиш мумкин, қайси келажакни орзу этиш жоиз?!
Мен: Бўлди, сўзламанг, нималар деяпсиз ўзи? Худо ҳақи, сизнинг бу сўзларингиздан миллатингизга етадиган зарар талончиларнинг юз йиллик хунрезлигидан кўра баттарроқдир. Сизнинг сабр қилмоқдан, бардош бермоқдан бошқа чорангиз йўқ. Сабот ва чидамдан бошқа нарсаси бўлмаган миллатнинг ҳамма нарсаси бўлиши мумкин ва сабот-матонатдан бошқа ҳамма нарсаси бўлган миллат ҳеч нарсасиз қолиши мумкин. Бир одамнинг саботи буюк бир миллатни ислоҳ этишга қодир. Ислоҳ этувчилар тоифаси учун саботдан бўлак асл қурол йўқ. Саботсизлик заҳри қотилдирки, ҳар бир миллатнинг танглайига тушса, димоғидан тутун бўлиб чиқади... Бизнинг бу суҳбатимиз Сизни жуда безовта этди. Бошқа мавзуда суҳбат қилсак, яхши бўлар эди.

Биз яшаб турган бу дунё жуда қадим ва кўпни кўрган. Масалан, бизни бугун ўз ихтиролари билан, янгидан-янги ҳунарлари билан ҳайратда қолдираётган Оврупонинг аҳволи ўрта асрларнинг бошларида бизнинг ҳозирги аҳволимиздан бешбаттар эди. Аҳоли жоҳил ва мазлум, ҳокиму руҳонийлари эса фожиру золим эдилар. Руҳонийлар жуда кўп ерга эга бўлиб, ҳар бирларининг ўз байроқлари бор, устига-устак пул ҳам зарб этар эдилар. Айримларининг мулклари эса бутун бир вилоят ерича келарди. Ҳукумат кишилари уларнинг ерларига кириб, солиқ ололмаганлар. Гуноҳ иш қилган қотил қочиб уларнинг ерига кирса, миршаблар уни олиб кетишга ожиз эди. Гуноҳкорларни пул ва ер эвазига кечириб юборганлар. Ким руҳонийларга ёмон муносабатда бўлса ёки ҳақорат қилса, уни калисога киришдан маҳрум этиб: «Буюкларнинг бизга берган ҳуқуқига биноан, буни калисодан маҳрум этдик. Бундан кейин шаҳарлар, қишлоқ, дала ва ҳар бир уйда уни лаънатлашсин, бирон-бир насроний у билан сўзлашмасин, бирга овқатланмасин ва бирон бир руҳоний унинг ҳақига дуо қилмасин», дер эдилар.
Фақат бугина эмас, улар ҳукумат ишларига ҳам қўшилардилар. Ўша даврнинг қирол ва императорлари ўзларини калисонинг мўмин ва мискин кишилари деб били-шарди. Бирон бир амир ёки подшоҳ руҳонийларнинг гапларини иккита қила олмаган. Агар подшоҳ уларнинг розилигисиз бирон иш қилса, ўша заҳотиёқ уни калисодан маҳ-рум этишарди. Бироқ, шуниси аниқки, бундай ваҳшийлик, худобехабарлик, ғайриинсоний қонун ва ҳаракат узоқ давом этиши мумкин эмас эди, албатта. Бир куни келиб, Оллоҳнинг ғайрати ва аҳолининг шижоати, ҳиммати қўзғалиб, бундай тузумнинг томири қирқилиши муқаррар эди.
Мазкур попларнинг иш юргизишлари, ҳаракатлари ҳам узоққа чўзилмади. Ўнинчи аср (1000-исовий йил) бошида Оврупонинг айрим нуқталарида протестантлар мазҳабига мансуб махсус гуруҳлар майдонга чиқдилар. Улар 12-асрга келиб, кенг миқёсда тарқалдилар ва жой-жойларда ўзларининг бўлимларини тузиб, ўз уламоларига қарши кураша бошладилар. Протестантлар Инжилни оддий халқ тилига таржима қилдилар, авом халқни илмга даъват этдилар. Улар Инжилга қарши ҳар қандай гап ва ишни қораладилар. Айтар эдилар: «Агар бизнинг уламомиз ҳазрат Масиҳнинг ноиблари бўлсалар, нега бунчалик дунёвий мол-мулкни тўплаганлар? Ҳақиқий уламолар ва ҳазрат Масиҳнинг ноиблари пулга бунчалик ўч бўлмасликлари, бир қултум сув ва бир бурда нонга қаноат қилишлари керак. Наҳотки, бизни таркидунёчиликка тарғиб этган кимсалар назру ниёзимиз ва тавбаларимиз эвазига мол-мулкимизга эгалик қилсалар! Биз ҳам худонинг бандаларимиз. Агар биз бирон гуноҳга йўл қўйсак, худованддан авф этишини, тавбамизни қабул қилишини тилаймиз. Нега энди гуноҳни Оллоҳ даргоҳида содир этиб, поп олдида тавба қиламиз-у, тавбамизнинг қабул қилиниши эвазига уларга пул ҳам берамиз?»
Протестантлар жамоаси жуда қисқа вақт ичида катта муваффақиятга эришиб, ташаббусларининг самарасини кўра бошладилар. Оврупонинг айрим нуқталарида қарши мазҳаб устидан ғолиб келдилар. Бу жамоанинг муваффақиятга эришишининг бош омили — улар ўзларининг мақсад ва ниятларини халққа жуда содда, аниқ тил ва иборалар билан тушунтирдилар. Жуда зарур ҳолат вужудга келмаса, поплар билан мунозарага тушмас эдилар. Бироқ, ҳамма жойда ва ҳар бобда уларнинг хато ва камчиликларини халққа кўрсатиб берар эдилар.
Ушбу эътирозчилар жамоасига яна бир иш жуда қўл келди. У ҳам бўлса салиб уруши эди. Бу уруш даставвал 1095 йилда бошланиб, 1492 йилгача қайта-қайта қўзғалаверди. Оврупо ушбу уруш ҳаракатларини ислом оламига қарши қаратди, мақсади — Қуддус (Байт-ул-муқаддас) — Иерусалим шаҳрини ишғол этиш эди. Оврупо аҳли бу орада мусулмонлар билан яхши муносабат ўрнатиб, жуда кўп моддий ва маънавий фойда кўрдилар. Масалан, Фарангистон дорилфунунининг Шарл Санивюс исмли муаллими қуйидагиларни қайд этган: «Ўн биринчи асрда Оврупо ва ислом олами бутунлай бир-бирларига қарши эдилар. Оврупо шаҳарлари кичик ва оддий, қишлоқлари вайрон кулбалардан иборат эди. Йўлда ўлдиришларидан қўрқиб, ҳеч ким ўз уйидан ўн фарсаҳ узоққа боролмас эди. Ислом олами эса Бағдод, Шом, Миср ва Андалус сингари бутун-лай обод ва кўркам шаҳарлар, мармар билан безалган саройлар, мукаммал корхоналар, ҳашаматли мадраса ва мактаблар, музайян ва озода бозорларга эга эди. Далаларининг ҳар қадамидаги сўлим гўшалару хирмон-хирмон ҳосилни кўрганнинг кўзи қувонар эди. Испания билан Туркистон ўртасида савдо корхоналари бемалол бориб-келарди. Овруполиклар мусулмонлар тараққиётини холис ният билан қабул қилиб, касб ва илм ўрганиш ниятида ислом шаҳарларида таҳсил кўрар эдилар. Оврупо мусулмонлар билан муносабат ва алоқада бўлиш йули орқали тараққий этган. Овруполикларнинг ислом оламидан қабул қилган ишлари қуйидагилардир:
Зироат: кўк буғдой, тут дарахти, гуруч, хурмо, лимон, мандарин, пахта, қаҳва ва найшакар.
Саноат: шоҳи газламалар, зар тўқиш, шиша, ойна... ва қоғоз.
Илм-фан: алжабр ва ал-муқобала, ҳандаса, чизмачилик, кимё ва ҳоказо. Ислом аҳли Юнон, Эрон, Ҳинд ва Чиннинг илму фан ихтироларини тўплаб ва ўзларидан кўпгина нарсаларни қўшиб, оқибатул-амр, буларнинг барини овруполикларга топширдилар.»
Бу бир буюк фаранг муаллимининг ислом олами тараққиёти ҳақида билдирган иқроридир. Энди диққат билан назар солсак, дарҳақиқат, овруполиклар ўзларининг юксалиш асосларини ислом аҳлидан олганликларини кўрамиз. Бугун эса, ё раббий, қўлдан кетган маданиятимизни тиклашга ҳаракат қилган заҳотимиз уламоларимиз «кофир бўлдинг» деб, бизни йўқ қилиш пайига тушадилар.
Энди мақсадимизга қайтсак: олдин таъкидлаганимиздек, салиб урушлари протестантлар жамоасининг ҳаракатларига ёрдам бериб, аҳолининг асосий қисмини улар билан ҳамфикр этди. Овруполиклар ислом оламидаги ҳайратга солувчи муваффақиятларини кўрганларидан кейин, уларнинг мафтуни бўлиб, протестантлар таклифи ва далолати билан Бағдод, Миср, Андалус мадрасаларига бориб, мусулмон мударрисларидан турли илмлар бўйича таҳсил ола бошладилар, попларнинг бу йўлга монеъ бўлишларига эътибор бермадилар. Поплар Оврупо аҳлининг мусулмон шаҳарларига бориб таҳсил олишларини ҳам протестантларга қўшилганликларини кўриб, шошилинч равишда бу ишнинг олдини олиш учун чора-тадбирлар кўра бошладилар. Ҳар ким эътироз қилса ёки попларнинг кароматига мункир келса ёхуд мусулмонлар шаҳарларига бориб таҳсил кўрса, ҳатто адашувчанлик оқибатида жума куни янги кийим кийса, уни ўша заҳотиёқ динсизликда айбладилар, урдилар, ўлдирдилар, оловда куйдирдилар. Иш шу билан тугадики, ўзлари буткул мағлуб бўлиб, инон-ихтиёрларини протестантларга топширдилар.
Уйга кириб келган иккала меҳмон ҳам менинг сўзларимни маъқуллар эдилар. Бир соатча турли мавзуларда суҳбат қилдик. Кейин меҳмонлар кетишга рухсат сўрадилар. Уларни кузатиб, кечанинг қолган қисмини уйқу билан ўтказдик.
Эртаси куни тонгда дўстим мени сарбозлар томошасига олиб борди. Бухоро сарбозларининг аҳволи жуда қизиқ. Тараққий этган давлатларда аскарлик муддати уч-турт йил бироқ бу Бухоро сарбозлари учун муқаддас хизмат бўлмасдан, жиноятнинг жазосидир. Бухоро сарбозлари ўз кунларини эътиборсизлик, манфурлик ва бечораҳоллик билан ўтказадилар. Уларнинг сарбозлик муддати бир умрликдир. Ўғри ва қотилларни бу шаҳарда қамоқ, сургун ва қатл этиш ўрнига сарбозликка жунатиб, бир умр ойига йигирма танга маош бериб ушлаб турадилар. Киши сарбозлик хизматига киришгач, нопок ишларни қилишга-да мажбур бўлади. Бунинг икки сабаби бор: биринчидан, сарбозликка олинишидан олдин бу киши ойнинг биринчи ярмида ҳаммоллик қилиб, ҳар куни ўртача беш тангадан, яъни юз эллик тангани қўлга киритар ва ойнинг қолган ярмини фароғат билан ўтказар эди. Сарбоз бўлганидан кейин эса, ойига йигирма танга олади ва бошқа иш қилолмайди. Иккинчидан: у киши олдин ўғирлик қилмас, сарбозлардан қўрқар эди. Энди ўзи сарбоз бўлган экан, унинг учун ўғриликдан устунроқ ва манфаатлироқ касб йўқдир.
Булардан ташқари, сарбозликнинг яна бир томони борки, у биринчи шарҳимиздан ҳам баттаррроқдир. Масалан, ҳар бир саркарда ёки юзбоши бирон-бир кишидан пул ундириш ниятида бўлса, уни ушлаб: «Сен эски сарбоз эдинг, вақтида жаноби олийнинг хизматларидан қочгансан, қўлимга тушдинг, сени сарбозлар қаторига қўшишим керак», дейди. У бечора: «Мен бутун умрим бўйи сарбоз бўлмаганман, милтиқ отишни ҳам билмайман», дейди. Фиғони кўкка чиқиб: «Туҳмат қилманг, ахир, сиз ҳатто исмимни ҳам билмайсиз-ку, собиқ сарбоз эканлигимни қаердан биласиз?», деб зорланади. Бари-бир иложи топилмайди. Бечора сарбозликни қабул этади ёки уч минг тангани саркарда жанобларига бериб, ўз бошини ғалвадан қутқаради.
Сарбозларнинг томошасидан чиққанимиздан кейин бозору расталарни куришга киришдик. Пешин намозидан сўнг дўстим деди:


— Бугун Бухоро мударрисларидан бири бизнинг уйимизга келмоқчи эди, қайтганимиз мақул. Бироз айланиб, уйга қайтдик. Намози аср пайтига қадар мударрисни кутиб ўтирдик. Муддат етгач, мударрис жаноблари катта дабдаба билан кириб келдилар. Дўстим у кишини эшик олдида кутиб олди. Уйга кириб, тўрда ўтирдилар ва фотиҳа қилдилар. Дўстим меҳмоннавозлик билан «хуш келибсиз», деди. Аҳволини сурадилар. Жавоб берди. Кейин менга қараб дедилар:
— Бу киши қаерданлар? Дўстим жавоб берди:
— Бу киши Ҳиндистон мусулмонларидан бўлиб, саёҳатга келганлар. Уйимда меҳмонлар.
Мударрис: Жуда яхши. Сиз Ҳиндустоннинг қаеридансиз?
Мен: Деҳлидан.
Мударрис: Деҳлида илм таҳсили қай даражада?
Мен: Яхши. Деҳли халқининг илм олишга иштиёқи баланд.
Мударрис: Бухородагидек яхши мударрислар борми?
Мен: Камина Бухоро мударрислари билан ошно эмасман, уларнинг аҳволларидан ҳам бехабарман, бироқ Деҳлида олим мударрислар талайгина.
Мударрис: Бухорода ҳам кўпгина забардаст муллалар бор.
Мен: Албатта, Бухоро доно олимларга эга бўлиши керак. Чунки барча мусулмонлар бу шаҳарни илм маркази деб биладилар. Мударрис: Сиз ҳам таҳсил қилганмисиз? Мен: Сарф ва наҳвни бир оз ўқиган эдим.
Мударрис: Қай даражада ўқигансиз?
Мен: Араб тилида сўзлашишга имкон берадиган даражагача.
Мударрис: Ҳозир араб тилида гаплаша оласизми?
Мен: Эҳтиёжга қараб.
Шу пайт дўстим дастурхон ёзди. Мударрис мени имтиҳон қилиш учун атайин араб тилида гапирди:
— Кул!
Мен бир бурда нон олиб едим. Мударрис кулди:
— Сиз араб тилида гаплаша оламан, деб айтган эдингиз.
Мен: Ҳа, биламан.
Мударрис: Шундай бўлса, мен арабча гапирганимда нега жим турдингиз?
Мен: Жаноблари «егин!» дедилар. Шундай қилдим. Гапириш зарурати бўлмадики...
Мударрис: Ҳо-ҳо-ҳо! Инсоннинг номаъқул одатларидан бири шу! Одам сафарга чиқиб, икки-уч шаҳарни кўрганидан кейин шунчалик ёлғон сўзлайдиган бўладики кулгинг қистаиди... Домулла! Араб тилида сўзлашиш осон иш эмас. Биз Йигирма йилдан бери кўкрагимизни захга бериб ўрганамиз. Шунга қарамасдан, умр бўйи араб тилида сўзлаёлмасдан бу дунёни тарк этамиз. Жаноблари озгина сарфу наҳвни таҳсил этиб, араб тилида сўзлаша оламан деб юрибсиз-а!
Мен: Мударрис жаноблари, агар сиз минг йил кўкрагингизни захга бериб, араб тилини ўрганолмасангиз ҳам ҳеч айби йўқ. Лекин, уч-тўрт йил ичида мен араб тилини сиздан яхшироқ ўргандим.
Мударрис: Ёлғон айтасиз!
Мен: Агар менинг айтганларимга ишонмас экансиз, араб тилида гапираман: «Кай-фа аҳвали саййидина? Лиллаҳи мақруната би камолил-афийата ва тамамис-саламата саииди кунту атуқ...»
Мударрис: Тўхтанг, тўхтанг!
Мен: Лам таъмируна биттаваққуф?
Мударрис: Билдик, арабчани билар экансиз... Бундан кейин Сиздан арабча сўраганнинг падарига минг лаънат. Бу қанчалик уят-а?! Биз ҳам дарс ўқиганмиз, биз ҳам араб тилини биламиз... Бир оз тўхтанг дейман, яна арабча сўзлаб кетасиз...
Мен: Нима истайсиз?
Мударрис: Ўша арабча калимангизни яна бир карра қайтаринг. Мен: Кайфа аҳвали саййидина?
Мударрис: Тўхтанг, тўхтанг. Мен: Яна нима бўлди?
Мударрис: Бунчалик кўп араб сўзларини бирданига ўзлаштириш анча мушкул иш. Оз-оздан айтсангиз, ўрганиб олар эдим.
Мен: Жуда яхши, ўрганинг.
Мударрис сўзларимни қуйидагича мутолаа этди: «Кайфа аҳвали саййидина». «Аҳволи саййидина»—музоф ва музофинилайҳ ва эга, «кайфа»— олдин келган кесим, маъниси — «сайидимизнинг аҳволи қалай?»
«Лиллаҳи мақруната би камали афията ва тамамис-саламата» — «алиф лом» и «да» — «ал-афията» ва «ал-саламата»дагиси нима? Алиф лом тўрт хилдир: жинс истиғроқ, ташқи аҳд ва зеҳн аҳди. Бу алиф лом, ташқи аҳд ва зеҳн аҳди эмас, истиғроқ ҳам эмас, чунки агар истиғроқ бўлса «тамом» ва «камол» сўзларининг ортиқчалиги аниқ эди, шундай экан, бу алиф-ломлар жинс бўлса керак.
Домулла шу ерга етгач, менга қараб, деди:
— Энди давомини айтинг.
Мен бошладим: Сайиди кунту атуқ...
Мударрис: Тўхтанг, тўхтанг.
Мен: Сиз тўхтаб туринг, мен сўзимни тугатай...
Мударрис: Сайиди кунту атуқ... бу «атуқ»нинг маъниси нима? Феълми ёки отми? Шу аснода мударрис уй эгасига қараб:
— Биродар, «Ғиёсул-луғат» китобингиз борми?—деди.
Дўстим: Бор эди, бироқ тунов куни қўшнимиз олиб кетиб, ҳали қайтарганича Йўқ.
Мударрис: Агар малол келмаса, ўшани олиб келсангиз.
Мен: Мударрис жаноблари, нима истайсиз? Биз ҳар кеча бир олам суҳбат қилар эдик, сиз жаноблари бирон-бир иш қилмасдан, ҳам бизни, ҳам ўзингизни саргардон этдингиз.
Мударрис: Нега саргардон этар эканман? Сизнинг айтганларингизни мутолаа этмоқдаман, суҳбат қилмоқдамиз.
_ Мен: Бунақа мутолаанинг уруғи қурсин, бундай суҳбатга минг лаънат! Мен сизга йигирмата араб сузини айтдим, сиз эса унинг мутолаасига икки соат вақт сарфладингиз. Устига устак, бу бечорага қўшнисининг уйидан «Ғиёсул-луғат» китобини олиб келишни буюрасиз ва шу йўл билан «атуқ» сўзининг маъносини билишни истайсиз. Бўлди, бунақа суҳбатнинг баҳридан кечдик. Агар истасангиз, форс тилида гаплашамиз. Худо ҳақи бизни куп овора этмасангиз.
Мударрис: Яхши, энди форс тилида сўзлашамиз. Бухоро мадрасаларини саёҳат этдингизми?
Мен: Ҳа, томоша қилдим. Бухорода жуда кўп яхши мадрасалар бор экан, аммо бундан нима фойда? Бу шаҳарнинг уламолари ушбу мадрасалардан фойдаланишда ғаири шаръий   йўлни тутганлар!
Мударрис: Қандай қилиб?
Мен: Масалан, сизнинг ўтмиш аждодларингиз ушбу мадрасаларни бечора, камбағал муллабаччалар учун қурганлар, бироқ бугун бойлик учун муккасидан келган кишилар, илм аҳлига тегишли катта пулдорлар мадраса ҳужраларини ўзларининг моллари этиб уларнинг вақфларини жиғилдонга урмоқдалар. Ушбу ҳужраларнинг асл эгалари бўлмиш бечораю мискин толиби илмлар эса масжидларнинг бурчак-бурчакларида ғужанак бўлиб ётиб, қотган нон ва совуқ сув билан кун кечирмоқдалар. Бухоро уламоларининг ушбу ишлари худодан қўрқиш фазилатидан фарсаҳ-фарсаҳ узоқдир.
Мударрис: Ўҳ-ҳў, бу дард сизга ҳам юққан экан-да. Бу жуда бўлмағур сўзлардир. Ҳалигача бу ишларни ҳеч ким билмас эди. Икки-учта девона кишилар бўлмағур гапларни одамлар қулоғига қуймоқдалар. Тўғрисини айтганда, муллабаччалар дарс ўқишларини билсинлар, ҳужра ва вақфлар билан нима ишлари бор?
Мен: Сизнинг инсофингизга офарин-а! Бечора муллабаччалар хор-зор булиб юрсалар, совуқ сув ва қотган нон билан кун кечирсалар, сизлар эса уларнинг ҳужраларида ўтириб, бечораларга тегишли вақф пули ҳисобидан палов ва кабоб тановул этсаларинг ва ушбу ҳолатни сизларга тушунтирган кишига «муллабачча дарс ўқишни билсин, ҳужра ва вақфларга нима иши бор?» десангиз!
Мударрис: Бу сўзлардан мақсадингиз нима?
Мен: Мақсадим шуки, ҳужралар муллабаччаларнинг молидир, сизлар уларни олиб-сотиш билан шуғулланишларинг шариатдан эмас.
Мударрис: Э... сиз бизни унчалик аҳмоқ деб ўйламанг, ҳужраларни олиб-сотишнинг ғайри шаръий эканлигини биз ҳам яхши биламиз.
Мен: Шундай экан, нега уларни ўз мулкингизга айлантирасиз? Нега кўнглингизга қараб бошқа бир одамга сотасиз? Нега муллабаччаларга бу ҳужралардан тегишли вақф пулини бермайсиз?
Мударрис; Биз ҳеч вақт ҳужраларини олиб-сотган эмасмиз.
Мен: Во ажаб, унда ўн минг, йигирма минг, қирқ минг баҳода сотилаётган бу ҳужралар кимнинг отасидан қолган мерос экан?
Мударрис: Биз ҳужраларни сотиб олмаймиз, балки унинг шотиси ва тоғорасини сотиб оламиз.
Мен: Мардлигу шижоатингизга, билимингизга офарин! Бу муддаоингиз шариат олдида ҳеч қандай эътиборга эга эмас. Сиз «шоти ва тоғорани сотиб оламиз» деб таъкидлайсиз. Тўғри, қозихона васиқаларида шундай деб ёзасиз. Бироқ, аслида ҳужрани сотиб оласиз. Васиқада шаръий деб ёзиладиган ҳар бир сўз ёлғон бўлиб қолаверади. Бунга бир неча сабаб бор.
Биринчидан, дунёнинг қайси бурчагига борманг, шоти билан тоғоранинг нархи йигирма тангадан ошмайди. Кейин, васиқа қилишдан олдин ҳужрани бориб кўрасиз, маъқул бўлса васиқа қиласиз. Кейин ҳам уйингизга бориб, «мен бугун бир шоти ва бир тоғора сотиб олдим», демайсиз, балки «бир ҳужра сотиб олдим», дейсиз.
Буларнинг ҳар бири шундан далолат берадики, сиз ҳақиқатан ҳам вақфга тегишли ҳужрани олиб-сотасиз. Шунинг учун, ҳийлаи шаръийни қўллаб «васиқаи шаръий»ни ишлатишингизни бир пуллик фойдаси йўқ. Чунки ислом шариати ниятни асл деб билади, турли рангдаги сафсата ва ибораларга иши йўқ.
Мударрис: Ҳийлаи шаръий ишлатамиз-да.
Мен: Тўғри, сизларнинг бу ишларинг ҳийла ва фирибгарликдир, аммо мутлақо шаръий эмас.
Мударрис: Ҳийла ҳам шаръийдир.
Мен: Жим бўлинг, шариатимиз бундай пайтларда ҳийлани қабул этмайди, балки кишининг ниятини асл эътибор сифатида қабул қилади. Мен сизга ўхшаб томдан тараша тушгандай қилиб сўзламайман... Маълум ният ва мақсадга қаратилмаган ҳар қандай иш эътиборсиздир, сизнинг фикрингизнинг ғалатлиги ҳақида бир мантиқий далилим бор... Айтдингизки, бу ҳужрани сотиб олмаймиз, балки шоти ва тоғорани сотиб оламиз, деб. Шундай экан, мен ҳам сизга арз этаманки, биз ҳам сизга ишимиз йўқ, сотиб олаверинг, лекин фақир ва мискин муллабаччаларнинг шариат юзасидан пок мулки бўлган ҳужра ва вақфларини қолдирсангиз ва шоти ҳамда тоғорангизни бу ҳужрадан олиб кетсангиз.
Мударрис: Боракалло! Мен билмадим, жаноблари дунёнинг қайси бурчагидан келиб Бухоро уламоларига насиҳат қилиш ниятида эканлар... Иншооллоҳ, муборак ният! Бироқ менинг ҳам сизга бир насиҳатим бор: сиз бу фойдасиз масалаларга аралашиб овора бўлмасангиз. Бухоро муллалари ўзларига тегишли ишларини сиздан кура яхши биладилар. Уйқу вақти ҳам ўтиб кетди. Менинг фонусимни берсангиз, етсам.
Уйнинг эгаси фонусни келтириб берди ва мударрис «худонинг паноҳига» деб чиқиб кетди. Биз ҳам ухладик.
Эрталаб вақтли уйғондим. Бугун рамазоннинг биринчи кечаси эди. Одамлар жуда катта шодлик ва тантана билан ўз дўконларини безатар эдилар. Ҳар ким рамазонни кутиб, хатми қуръон учун тадбирлар кўрар эди. Шаҳарнинг раста ва бозорлари ажиб бир манзара касб этганди. Одамлар бу ой — ибодат ойи эканлигидан жуда хурсанд эдилар.
Кеч кириши олдидан амир аркининг тепасида ноғора чалиниб, халқни рамазон киришидан хабардор этди. Халқ рамазонни катта ҳайит сифатида билади. Тушгача дўконлар очилмайди. Тушдан кейин эса дўкондорлар то намози асрга қадар ўтирадилар. Кейин қўлларига обдаста олиб, ҳавзи Девонбегига бориб намоз ўқийдилар-да, ифтор учун ўз уйларига қайтадилар. Ифтордан кейин яна дўконларига келиб, ярим кечага қадар ўтирадилар. Кечаси ҳамма жой чароғон бўлади. Кишилар тўп-тўп бўлиб сайр этадилар, ҳамма ёқда хушчақчақлик ҳукм суради.
Бироқ, шулар қатори, бунда кишининг нафратини қўзғатувчи ишлар ҳам содир бўлиб туради. Бу бемазагарчиликнинг энг каттаси — бесоқолбозликдир. Кундузлари ҳавзи Девонбеги атрофларида, растаю бозорларда муллабаччалар бир бесоқол ўспиринни ўртага олиб, шўру ғавғо кўтариб оламга ғулғула соладилар. Айрим пайтда бесоқол боласи бўлмаган бир гуруҳ муллабаччалар улар билан юзма-юз келиб, оч бўрилардек ўзларини уларнинг «қўй»ларига урадилар. Жуда кўп уруш ва талашлардан кейин ким устун келса, бесоқолни ўзиники қилиб олиб кетади. Энг ажиб жойи шундаки, Бухоро уламолари ўзларининг шогирдларини бу ғайри шаръий, ифлос йўлдан қайтармас эдилар, балки ўзлари ҳам бевосита шу иш билан шуғулланар эдилар. Шуни айтиш мумкинки, бугун Бухоронинг ҳар бир мударриси ва муфтийси ўзининг чиройли бир шогирди билан ишқбозлик қилади ва уларнинг айрим «буюк»лари худонинг бандаларидан ҳам уялмай, ўзларининг маъшуқлари (бесоқоллари)ни уйларида ҳам асрашади.
Рамазон ойининг ҳамма кунларини ўтказиб, ҳайитнинг иккинчи кунига келганда касал бўлиб, ётиб қолдим. Бутун вужудимни иситма қақшата бошлади. Дўстимга айтдим:
— Менга бир табиб олиб келсангиз.
Дўстим илтимосимни адо этди. Табиб томиримни ушлаб, деди:
— Бир шишани олиб менинг дўконимга боришсин, бир оз мушк шарбати, косон арағи ва райҳон уруғидан юбораман. Кунига икки мартадан ичсангиз, иншооллоҳ, тузалиб қоласиз.
Мен: Табиб жаноблари, касаллигимнинг сабаби нимада?
Табиб: Қўрқманг, ҳеч зарари йўқ, тезда тузалиб қоласиз.
Мен: Тўғри, қўрқмайман, фақат нимадан бемор бўлганимни билишни истар эдим.
Табиб: Терлаб келиб тўнингизни ечгансиз, сизни совуқ олган. Ҳакимнинг ушбу гапидан ҳайратда қолиб, дедим:
— Бародар, биринчидан, мени совуқ ургани йўқ, кейин, совуқ урганнинг давоси мушк шарбати ва райҳон уруғи ҳам эмас. Учинчидан, сиз айтган бу дорулар икки юз йил муқаддам ишлатилган. У даврдан ҳозиргача табобат илми анча тараққий этиб, донишманд табиблар янги ва фойдали дорилар ихтиро этганлар. Сиз бўлсангиз, ҳали ҳам беди мушкнинг шарбати ва райҳон уруғини бермоқчисиз.
Менинг сўзларимдан табибнинг жаҳли чиқиб, деди:
— Сиз табибликдан бехабар бўлсангиз, касалингизни шамоллашдан эмаслигини қаердан биласиз? Беди мушк шарбатини икки юз йил олдин касалларга берилишини-ю ҳозир янги дори-дармонлар кашф этилгани-чи? Булар девона ҳам сўзламайдиган гаплардир.
Мен: Тўғри, менинг айтганларим эмас, балки сизнинг гапларингиз девонага хос. Сиз табобат илмининг буюк тараққиётига мункир бўлмоқдасиз. Бундан нима фойда! Бугун фақатгина тиббиёт илми эмас, балки оламнинг барча ишлари юксалиш томон юз тутган ва бундан кейин ҳам тараққий этиши шубҳасиздир.
Табиб: Сўзларингизни эшитиб, кулгим қистамоқда. Тиб илми қаерда юксалган? Нёга мен бундан хабарсизман?
Мен: Сиз жуда кўп нарсадан бехабарсиз.
Табиб: Ахир, сиз айтаётган «табобат тараққиёти» жаҳоннинг қайси бурчагида содир бўлган?
Мен: Таажжуб этманг, башарият тараққиётга қодирдир ва юксалаверади ҳам. Юз йил олдин мамлакатингизнинг қаерида темир йўл ва телеграф симлари мавжуд эди? Жуда юксак мисолларни-ку, қўяқолайлик, юз йил олдин мана шу гўгирдни қайси бухоролик кўрган эди? Бундан олдин сизнинг чолворингиз карбосдан, кўйлагингиз қалами матодан эди. Бугун нафис докалар ва турли рангдаги парчаларга етибмиз. Буларнинг барчаси мен даъво этаётган тараққиётнинг намунасидир. Шулар билан бир қаторда тиб илми ҳам юксалиб, тобора баланд поғоналарга кўтарила борди... «Тиб илмининг бу тараққиёти қаерда?» дейсиз. У ҳамма ерда ва ҳамма томонидан қабул қилинган, бироқ сиз кўрмайсиз ва кўриш ниятида ҳам эмассиз. Бу тараққиёт ҳатто Бухорода ҳам бор. Ана шу мавжуд дўхтурхона табобат тараққиётининг намунасидир.
Табиб менинг сўзларимдан ҳайратда қолиб, сукутга берилди. Сўрадим:
— Сиз жаноблари, табобат илмидан қаерда таҳсил олгансиз?
Табиб: Бухоронинг ўзида.
Мен: Қайси табибдан дарс олгансиз?
Табиб: Ҳеч кимдан дарс олганим йўқ, ўзим бўш вақтларимда тиб китобларини мутолаа этиб, табиб бўлганман.
Мен: Биродар, мени кечиринг, сиз касалимни тузата олмайсиз.
Табиб чиқиб кетди. Уй эгасига айтдим: «Биродар, менга бошқа яхшироқ табиб олиб келсангиз». Дўстим бу сўровимни ҳам бажо келтирди. Иккинчи табиб жуда катта кибр-ҳаво билан кириб келиб, томиримни кўриб деди:
— Сиз бир оз қўрқибсиз, мен икки-учта ҳабби мусҳал (ич кетар доруси) юбора-ман, уни ичиб, кейин ўзингизни алас қилдирсангиз, тузалиб кетасиз.
Кулгим келди, бироқ билдирмай, сўрадим:
— Ҳаким жаноблари, менинг жуда ёмон одатим бор: табиб касалим нимаданлигинию ўзининг дорулари қандай фойда беришини исботламагунча, уларни истеъмол қилмайман. Сиздан илтимос, айтсангиз, қўрққанимни қаердан билдингиз.
Табиб: Иссиғингиз бор.
Мен: Ҳабби мусҳалнинг қўрққанларни даволашдаги ўрни нимада?
Табиб: У киши ҳароратини туширади.
Мен: Яхши, касалимни ҳам белгиладингиз, дорусини ҳам тайинладингиз. Лекин каминанинг феъл-хўйи жуда ёмон, табибнинг қайси мадрасада ўқигани ва қайси устоздан таълим олганини билмагунча унинг дорусини ичолмайман.
Табиб: Хоҳ-ҳо-ҳо... Хотиржам бўлинг, камина Бухоронинг бош табибиман. Ҳазрати амир ва Доруш-Шифо мадрасасининг табобати менинг қўлимдадир. Ҳар йили миллатнинг ўн икки минг тангасини оламан.
Мен: Ажабо! Бу ўн икки минг тангани қаердан оласиз?
Табиб: Доруш-шифо мадрасасидан.
Мен: Сиз жаноблари, тиб илмини қаерда таҳсил қилгансиз?
Табиб: Бухоронинг ўзида.
Мен: Қайси мадрасасида?
Табиб: Бухоро тиб мадрасасига эга эмас.
Мен: Қайси табибдан таълим олгансиз? 
Табиб: Мен тиб илмини ҳеч кимдан ўрганган эмасман.
Мен: Унда қандай қилиб табиб бўлдингиз?
Табиб: Раҳматли отамиз жуда катта табиб эдилар, у кишининг китоблари менга мерос қолган эди. Шуларни кўп ўқидим.
Мен: Одам фақат тиббий китобларни ўқиш билан ҳам табиб бўла оладими?
Табиб: Албатта, тиб китобларини мутолаа этаверса, бу осондир.
Мен: Йўқ, хато қиласиз, мактаб ўқимасдан туриб табиб бўлиш мумкин эмас. Тараққий этган мамлакатларда ўн йил умумий таълим олингандан сўнг, тиббий мактабга кириб беш йил ўқийдилар, шундан кейингина табиб бўладилар. Сиз бўлсангиз «бўш вақтимда отамдан қолган китобларни ўқидим», дейсиз. Сизнинг бу айтганингиз билан табиб бўлиш мумкин эмас...
Табиб ушбу сўзларимни эшитиб, деди:
— Жуда яхши, мен сиз айтган табиблардан эмасман!
Мен: Мен ҳам сиз айтган беморлардан эмасман!
Табиб паришон ҳолда чиқиб кетди. Ғамгин ҳолда уй эгасига дедим:
— Менга ўрис дўхтурни чақирсангиз.
Дўстим истагимни бажо келтирди. Бу дўхтур жуда билимдон киши экан, тезда касалимни аниқлади ва яхши дорулар берди. «Икки кундан кейин хабар оламан», деб чиқиб кетди. Буюрган дорусини олиб келдилар, ичдим, икки кун ичида касалим тузалиб, қувватга кирдим, иштаҳам ҳам очилди, бироқ дўстим:
— Бугун дўхтур келмоқчи, бир оз сабр қилсангиз, агар рухсат берса, кейин тановул қиларсиз,— деб, монеълик кўрсатди.
Дўхтурнинг келишини кутдик. У келиб, аҳволимни кўриб хурсанд бўлди ва деди:
— Бутунлай тузалиб кетибсиз.
Мен: Алҳамдулиллоҳ, тузалдим. Бухоро табибларини кўриб жуда маъюсланган эдим. Чунки шундай катта бир шаҳарда биргина донишманд табибнинг бўлмаганлиги катта бир бахтсизлик! Лекин Сиз жанобларини кўриб жуда мамнун бўлдим. Иншо-оллоҳ, жаноблари Бухоро аҳолисининг сиҳатини асраш бобида кўп хизмат қиларсиз.
Дўхтур: Тўғри, мени Бухоро аҳлига хизмат қилиш учун юборганлар, лекин бундан нима фойда? Бухорода жуда кўп одамлар борки, мен бир марта ўтган кўчадан ҳеч ҳам ўтмайдилар.
Мен: Ажабо, бунга сабаб нима?
Дўхтур: Сабаби маълум! Мен кофир, улар эса мусулмон. Кофир дўхтур мусулмон касалларни ўша заҳотиёқ «ўлдиради».
Мен: Ажабтовур эътиқодга эга эканлар. Бир томондан табибсизлик, бошқа томондан доно табибларга эътиқодсизлик. Ана шу икки нарса Бухорода бирон-бир кишининг соғ қолмаслиги учун етарли омилдир.
Дўхтур: Тўғри, бутун Бухоро мулкида ҳар йили бир марта касал бўлмайдиган одам жуда камдир.
Мен: Сиз ҳозир шу мулкнинг расмий дўхтурисиз, бу касалликни бартараф этиш учун нега курашмайсиз?
Духтур: Сиз бизнинг мамлакатимиз ва Фарангистоннинг айрим шаҳарларини, албатта, кўргансиз. Оврупо ҳукуматлари ўз халқларининг соғлиғини сақлаш учун пул: сарфлайдилар. Кўчаларини бу шаҳар хонадонларидан кўра покизароқ тутадилар, қўйни шаҳар ичида сўймайдилар, ўликни шаҳар ичида кўммайдилар, ҳайвонот ахлатини йўл усти ва ёқаларида қолдирмайдилар. Бизнинг шаҳарларимизда ҳам тиб мактаблари мавжуд бўлиб, ҳар йили гуруҳ-гуруҳ табибларни етиштириб, атрофга юборадилар. Доручилар мактабини битирмагунча дору сотишга йўл қўймайдилар. Мактабларимизда болаларга соғлиқни ҳимоя қилиш мавзуида дарс ўтилади, донишманд дўхтурлар ҳар куни бу мавзуда газеталарда мақолалар ёзиб, саломатлик қоидаларини элга тушунтирадилар. Шунинг учун, Оврўпо аҳолиси тиббиётнинг айрим қоидаларини бир табиб қатори биладилар.
Бироқ, Туркистон халқлари мутлақо уларга қарши иш тутадилар. Буларнинг кўчаларини кўрдингизми? Ҳали ҳам қўйларни шаҳарда сўйиб, уларнинг ахлат ва чиқиндиларини йўл устига ташлайдилар, ўликларни шаҳар ичида кўмадилар, айрим кўчаларда эса фақат ҳайвон ахлатларигина эмас, балки одам нажаси ҳам кўпдир. Буларнинг ичадиган суви икки юз халажой остидан ўтиб, ҳовузларга тушади. Мактабда-ку бир нави, ҳатто мадрасаларда ҳам соғлиқни сақлаш борасида бир калима сўз эшитмайсиз. Шунга қарамай, бу одамлар мен бир марта ўтган кўчадан ўтмайдилар. Барча айтганларимни шариатга қарши деб талқин этадилар, гапимга ким тарафдорлик билдирса, кофир деб эълон қиладилар. Ҳатто бундан бир неча йил олдин амир менинг маслаҳатим билан кўчаларни супуришни амр этган эди. Бухоро халқи сиқилиб: «Бу кофир кўча супуришни расм этиб, Бухородан хайр-баракани кўтаради», дейишди.
Мен: Хўп, фараз қилайлик, Бухоро аҳли сизнинг сўзларингизни қабул қилди. Ўшанда Бухорода касалликнинг олдини олиш учун қандай чора кўрар эдингиз?
Дўхтур: Албатта, Бухорода бу иш осон эмас, лекин мақсадга эришиш учун бир оз ташаббус етарлидир. Бухоро дўхтурлар хизматига жуда муҳтож. Биринчидан, шаҳардан ташқари жойларда дўхтур Йўқ. Қарши, Шаҳрисабз, Ҳисор, Кўлоб каби туманларда ҳатто дўхтур номини эшитмаган одамлар бор, Қайси томонга борманг, ромчи, аласчи хотин, дори сотувчи аттордан бошқа кишини кўра олмайсиз. Бухоронинг ичида ҳам шундай одамлар борки, безгак титроғини даволаш учун касалнинг устига эшакнинг тўқимини қўйиб, устига ўтириб олиб «иш-ш-ш» дейдилар. Кейин, бу ерда икки-уч дўх-тур ҳам бухороликлардан эмаслар. Шунинг учун, бухороликлар дўхтурга эга эмаслар, деб қатъий айтса бўлади.
Энг аввало Бухорода духтурлар сонини кўпайтириш керак. Бу масалани ҳал қилишнинг йўли шуки, бухороликларнинг ўзлари дўхтурларни тарбиялаб етиштиришлари керак. Чунки бошқа мамлакатларнинг дўхтурлари донишманд ва қудратли бўлганлари-да, арзимас пул учун Бухорога келмас эдилар, Агар кўп пул берсалар, келадилар, бироқ Бухоро ҳукумати бунчалик пул беришга рози бўлмайди. Шунинг учун ҳам бухо-роликларнинг ўзларидан дўхтурлар тайёрлаш лозимдир.
Яна масала шундаки, Бухоро ҳукумати йирик мадрасаларнинг бирини тиббия мадрасасига айлантирсин ва бу даргоҳга доно дўхтурларнинг бирини мудир этиб тайинласин. Петербург ва Фарангистоннинг йирик шаҳарларидан донишманд муаллимларни таклиф этишсин. Бошқа томондан Бухоронинг зеҳни ўткир йигитларини, ёшларини Оврўпога юбориб, тиб илмини ўқитишсин. Бухоронинг хазинаси ҳар йили бир неча талабаларни Оврупога юбориб ўқитишга қодир эмас, дейишлари мумкин. Майли, Бўхоро ҳукумати талабалар харж-масрафини ўзидан бермасин. Бу ерда Доруш-шифо номлик мадраса бор. Унинг бир йиллик вақф пули қирқ минг танга, бу — олти минг сўм демакдир. Бир талабанинг Петербургда ёки Оврўпонинг бошқа шаҳарларида таҳсил кўриш учун беш юз сўм етарлидир. Агар Бухоро ҳукумати олти минг сўмлик вақф пулидан беш минг сўмини шу йўлда сарфласа, ўн талабани Петербургга юбориб, тиб илми бўйича таҳсил кўришига имкон яратади. Тўрт йилдан кейин бу талабалар Бухорога қайтадилар ва тиб мадрасасида оврўполиклар ўрнида муаллим бўладилар. Кейин эса, яна ўн талабани таҳсилга юборадилар. Шу тариқа Бухоро тиббий мадрасага эга бўла-ди, қанча табиб керак бўлса, етказиб олаверади. Лекин «бу гапларни эшитадиган қулоқ қани, эътибор билан қаровчи кўз қани?»


Мен: Жуда яхши, Сизнинг бу мулоҳазаларингиз маъқул, бироқ нега Бухоро халқига буни тушунтирмайсиз?
Дўхтур: Айтдим-ку; «бу гапларни эшитадиган қулоқ қани, эътибор билан қаровчи кўз қани?»
Мен: Ахир, нега қабул қилишмайди?
Дўхтур: Айтишадики, бу шариатга хилоф экан.
Мен: Унда Бухоро ҳукуматига айтинг.
Дўхтур: Шариатга қарши бўлган ишни қандай қилиб ҳукуматга тушунтираман?
Мен: Менимча, Сизнинг билдирган фикрларингизнинг биронтаси ҳам шариатга хилоф эмас.
Менинг бу сўзларимдан ҳайратда қолган дўхтур деди:
— Сиз мусулмонмисиз?
Мен: Мусулмонман.
Дўхтур: Ишончим комилки, ҳозир бутун Бухорода менинг сўзларимни шаръий ҳисоблайдиган бирон киши топилмаса керак. Сиз нега бундай дейсиз?
Мен: Таажжубланманг. Айтганларингизнинг биронтаси ҳам шариатга қарши эмас. Изоҳлаб берай: биринчидан, Сиз Оврўпо кўча ва шаҳарларининг покизалигини мақтаб, мусулмон шаҳарлари ва йўлларидаги тартибсизликдан нолидингиз. Қаранг, пайғамбаримиз шаҳар ва кўчаларнинг покизалиги ҳақида нималар деганлар: «Масжидларингизни содда, безагу жим-жимасиз бино этинглар, шаҳарларингни эса шарафли ва зийнатли қилиб қуринглар... Кўчаларни покиза ва тароватли тутингиз... Худованд покдир, покизаликни яхши кўради, зариф ва каримдир, кечиришни хуш кўради, саховатлидир, сахийликни писанд.этади. Шунинг учун уйингиз атрофини покиза тутингиз...»
Пайғамбаримиз алайҳиссалом булар билан қаноатланмай, биз мусулмонларнинг ҳар биримизни ҳам покиза бўлишга ундаганлар. Масалан, қуйидагича буюрадилар: «Анназнаафата шатр-ул-ийман», яъни покизалик иймоннинг бир қисмидир. Таҳорат олиш, тишни махсус чўб (мисвок) билан тозалаш ҳам покизаликдир. Покизалик кишини иймонга даъват этади, иймон эса ўз эгаси билан жаннатда бўлади... Агар мушкул бўл-маса, мен умматларимга ҳар қандай бўлса ҳам тишларини тозалашлари ва ювишларини ва ҳар намозда хушбўй ҳид таратувчи нарсалар суртишларини истар эдим».
Шундай қилиб, Сизнинг маломатингиз ва мисолларингизнинг нишонига тушган мусулмонлар ирсли умматлар бўлиб, бундан бир минг уч юз йил муқаддам уларнинг покиза бўлишларига амр этилган эди. Бироқ, бу бечоралар нима ҳам қилишсин?! Улар исломнинг ҳақиқатидан огоҳ эмаслар. Қуръоннинг бирон оятини ёки пайғамбарнинг ҳадисини тўғри ўқиб, маънисини тушунтириб берадиган одамнинг ўзи йўқ.
Энди табобат масаласига қайтсак. Кўрайлик-чи, пайғамбаримиз табобат борасида нималар деган эканлар... «Эй худонинг бандалари, бетоб бўлсангиз, даволанингиз, чунки худованд давоси бўлмаган касалликни яратган эмас...»
Бухоро мадрасаларидан бирини тиббий мадрасага айлантириш, Сизни унга мудир этиб тайинлаш, Оврўподан муаллимлар олиб келиш ва ҳар йили бир неча истеъдодли ёшларни тиббий таълим олиш учун Ўрусияга юбориш — буларнинг биронтаси шариати-мизга қарши ишлар эмас. Зеро оламнинг фахри бўлмиш алайҳиссалавоту вассалам буюрганлар: «Утлубул-илма ва лав биссини», яъни илм агар Чинда бўлса ҳам уни тилаб ўқингиз». Ана шу ҳадиси шариф мазмунига диққат билан эътибор берайлик. Пайғамба-римизнинг Чинни мисол келтиришларидан мақсадлари албатта фикх ва тафсир илмини ўрганиш эмас, чунки Чин кофиристондир. Бу ҳадисда тилга олинган илм дунёвий илм, яъни, тиб ва санъатдир. Маълум бўлдики, дунёвий илмларни ғайридинлардан ўрганиш ҳам бизнинг шариатимизга мосдир.
Бу ҳадисдан ташқари яна бир ҳадис мавжуддир... «Ҳикмат — мўъминларнинг йўқотган молидир, уни ҳар қаерда кўрсангиз, олишингиз мумкин. Таҳсил қилингиз, ҳикматга ҳикмат қўшилса, у қайси манбадан келиб чиқмасин, зарар қилмас». Расул алайҳиссаломнинг ушбу ҳадислари шундан далолат берадики, сўзларингиз шаръи шарифга мутлақо қарши эмас.
Энди ислом тарихига бир назар солсак: исломнинг буюк вакиллари жуда кўп нас-роний ва маъжусий табибларга пул бериб, ўзларининг сиҳатларини яхшилаганлар, уларнинг айримларини ўзларининг хос табиблари этиб тайинлаганлар ва айримларини ўз даврларида тиббиёт муаллими этиб белгилаганлар.
Халифа Мансур аббосийларнинг иккинчи тоифаси бўлиб, Журжис бинни Бахтяшў исмли бир насроний табибни Бағдоднинг бош табиби этиб тайинлаган эди. Халифа Хорун-ар-Рашид аббосий ҳам Монко исмли бир маъжусийни ва юқорида зикр этилган Бахтяшўнинг ўғлини ўзининг шахсий табиби этиб тайинлаган эди. Юқорида номлари зикр этилган табиблардан ташқари жуда кўп насронийлар ҳам аббосий халифалар томонидан мансаб ва давлатга эга бўлиб, иззату икромга мушарраф бўлгандилар. Аббосий халифалар юнон китобларини араб тилига таржима эттириб, Бағдод мадраса-ларида нашр этар эдилар. Мен юнон китобларини Бағдод халифалари насроний табибларига буюриб таржима қилдирганликларини сизларга арз этсам:
1. Китоб-ал каср,
2. Китоб тақаддимат-ал-маърифа,
3. Китоб-ал-ахлод,
4. Китоб қотитюн,
5. Ал-маъ ва ал-ҳаво,
6. Табиат ал-инсон.
Бу китобларнинг муаллифи Буқротдир. Яна:
1. Китоб-ал-фарқ,
2. Китоб-ал-мавлуд лисбаата аш-шаҳр,
3. Китоб-ал-мизож,
4. Ки-тоб ридоъ-ал-нафс,
5. Китоб-ал-набз,
6. Китоб-ал-жабул,
7. Китоб шифо-ал-амроз,
8. Китоб қавий ағзия,
9. Китоб-ал-илал ва ал-амроз,
10. Китоб-ал-тадбир-ал-мулассаф,
11. Китоб-ал-ҳимоёт,
12. Китоб мудовот ал-амроз,
13. Китоб-ал-буҳрон,
14. Китоб илал савт,
15. Китоб ал-табиб ва ал-файласуф...
Бу китобларнинг муалифи юнонли Жолинусдир халифа Маъмун аббосии топшириғи билан Ҳанин номли насроний араб тилига ўгиргандир.
Шундай қилиб, аббосий халифалар даврида илмга энг чанқоқ одамлар-олимлар ва фақиҳлар яшаган бўлса ҳам, жуда кўп табибларга ва ғайридин фозилларга пул ва мансаб бериб, Юнон ва Ҳинд фанидаги ютуқларни араб тилига ўгириб, Бағдод мадрасаларида ўқитганлар. Юқоридаги мисоллар тиб илмининг таҳсили учун Оврупога талабала-римизни юборсак ва у ердан донишманд табибларни чақириб, мадрасаларимизда муаллим этиб тайинласак, ёмон бўлмаслигини исботлаб турибди. Бухоро ҳукумати ишбилармон ва доно одамларга эга бўлиши керак. Сиз бу фикрни уларга айтинг, умид қиламизки, қабул қиларлар.
Дўхтур менинг бу сўзларимдан мамнун бўлиб, биздан рухсат сўраб чиқиб кетди.
Бутунлай тузалганимдан кейин, яна бир неча кун Бухорода бўлиб, кейин саёҳатга чиқиш режасини туздим. Уйнинг эгаси Бухоронинг мўътабар кишилари номидан катта шаҳарларнинг қозиси, ҳокимлари номига мактублар олиб берди. Менга ёрдам бериш учун бир муллабаччани ҳам қўшиб қўйди. Эрталаб тонгда Бухоронинг бир аравасига миниб, йўлга тушдик. Намози аср пайтида кўзлаган манзилимизга етдик. Бу унчалик обод жой эмас эди. Икки-уч баққоллик дўконидан бошқа ҳеч нарса Йўқ. Ўша дўконлар-нинг бирида тўхтадик. Баққол юкларимизни олиб, қорайиб кетган бир айвонга туширди. Етиш учун жой тайёрладик... Шундан кейин атрофни айланишга киришдик. Бироқ, қанақа айланиш денг?! Икки-уч дўконнинг у ёғи қип-қизил дашт-биёбон! Фақат бир томонда мадрасага кўзим тушди, унинг ҳам эшиги қулф эди. Ичига кириб кўрдим, бутунлай вайронага айланибди.
— Бу мадраса нега бунчалик хароб?
Дўстим: Бу мусофирхонадир. Қаранг, тўғрида бир сардоба ҳам бор. Дарҳақиқат, рўпарада жуда катта тош сардобани кўрдим.
— Буларни ким қурган?
Дўстим: Бухоро амирларидан бири Абдуллохон. У ўзига тегишли бўлган барча қаровсиз йўлларда яна бир неча сарой ва сардобалар қурдирган эди, бироқ ҳозир улар тупроққа кўмилиб ётибди.
Дўстим оламнинг тараққиётидан хабарсиз эди. Шунинг учун, бу қиссани ҳеч қандай маломат ва аламсиз, бепарволик билан ҳикоя қилар эди. Буни эшитиб, жуда ачиндим. Узимча дер эдим: Оврўполиклар бизлардан келгуси авлодга бир ёдгорлик қолсин деб, ҳар куни бир хайр биносини бунёд этадилар, биз мусулмонлар эса, «келгуси авлодга биздан ёдгорлик қолсин, улар бизнинг номимизни унутишмасин», деган фикрни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Яна энг ажиб томони шундаки, ота-боболаримиз ва буюкларимиздан қолган ёдгорликларни бузамиз, харобага айлантирамиз.
Қош қорайиши билан дўконга келдик, чой ичиб ухладик. Ярим кечадан кейин уиғониб, аравага миниб, йўлга тушдик. Қнсқаси, тўрт кечаю кундуз юргандан кейин Қарши шаҳрига етдик. Йўлда диққатга сазовор бирон воқеага дуч келмадик. Фақат ҳар бир манзилда... Абдуллохоннинг карвонсаройи ва сардобаси учрар, улар бузилган ва нураган аҳволда эди.
Биз Қарши қозисининг уйига тушдик. Бухородан олиб келган хатимизни қозининг одамига топширдик. Бизни бир уйга олиб кирдилар. Кечани шу хонада ўтказдик. Эрта-лаб қуёш чиққанидан сўнг, қозининг зиёратига бордик. У киши илтифот этдилар. Бир оз ўтириб, кейин айланишга чиқдик...
Қарши Бухоронинг катта шаҳарларидан биридир. Бир вақтлар бу шаҳарнинг тижорати Бухородагичалик экан. Бироқ, темир йўл бўлмаганлиги сабабли, савдо анча орқада қолибди. Илм ва маориф ҳам анқонинг уруғи. Кўпчилик ҳатто хат-саводдан ҳам маҳрум. Саноати-ю ҳунармандчилиги пойтахт саноатидан яхшироқ. Халқи обдаста ясаш ва гилам тўқишда ўта моҳир, айниқса, алоча тўқишда тенги йўқдир. Бироқ, афсуски, ушбу нарсаларнинг барчасини эски усулда тайёрлайдилар, яъни корхоналарнинг барчасида қўл меҳнати устун. Машина билан ишловчи корхоналарга эга эмаслар ва уни яратиш хаёлларига ҳам келмайди.
Кунлардан бирида қози мулозимларининг бири билан бирга машҳур бир алоча тўқувчи устанинг уйига бордик. Устахона эгаси мени жуда эъзозлади. Бир соатча суҳбатлашдик. Шунда сўрадим:
— Сизнинг корхонангиз Қарши шаҳрининг бошқа корхоналаридан катта ва сизнинг алочангиз бошқа алочалардан нафас ва нозукроқдир. Ўрусларнинг ипак матоҳлари нозик ва чиройли, аммо пишиқлик ва чидамлиликдан маҳрум. Сизнинг алочаларингиз эса ҳам нозик, ҳам чидамли экан. Бу борада ажиб бир ҳикоя ҳам эшитган эдим. Уни сўзлаб берсам. Бухоро ҳожиларидан бири бир кийимлик алочангизни ҳадя этиш учун Мадинаи мунавварага олиб борган. Аммо (билмадим, нима сабаб экан) алочани қайтариб Бухорога олиб келмоқчи бўлган. Ҳаждан қайтиб, Одесса шаҳрига етиши билан Россия божхонасининг маъмурлари ўша сизнинг алочангизни Фарангистон моли гумон этиб, ундан бож талаб этганлар. Бечора ҳожи бор товуши билан «бу алоча Бухоронинг маҳсулидир», деб фарёд чекса ҳам, божхонадагилар «ҳали Бухорода бу даражадаги молни тўқийдиган фабрика қурилган эмас. Бу Фарангистон молидир. Сен буни Истанбулдан сотиб олгансан», деб айта берганлар. Бечора ҳожи, ноилож, бир неча сўм бож пули бериб, ўзининг алочасини қайтариб олган экан.
Эътибор беринг-а, бунда гуноҳ Россия божхонасининг хизматчиларида эмас, балки сизнинг тайёрлаган алочангизда. У бир қараганда Фарангистон молининг ўзи, балки чидамлиликда ундан ҳам устундир.
Дўконнинг эгаси ушбу сўзлардан мамнун бўлди. Шу пайт дастурхон ёздилар, чой ичдик ва яна суҳбатга киришиб кетдик:
— Ҳақиқатан ҳам Қарши аҳли алоча тўқишда жуда ҳунарманддирлар. Бугунги кунда бу муборак ҳунарлари туфайли анча фойда ҳам кўрадилар. Бироқ, ушбу касбнинг келажаги ҳақида сиз жанобларининг фикрлари қандай?
Тўқув дастгоҳининг эгаси сўзларимни тушунмай, менга ҳайрат билан қаради. Фикримни очиқроқ баён қилдим:
— Қарши ҳунармандларининг ушбу ишлари яна ўн-ўн икки йил шу тариқа ривожланган ҳолда қоладими ёки йўқми?
Уста бу сафар менинг фикримни тушунди, бироқ бугунга қадар бундай савол унинг хаёлига ҳам келмаган эди, янада ҳайратланиб, ҳеч нима демади. Сўзимни тағин қайтардим:
— Ҳурматли уста, Оврўпо халқлари, агар бирон ишга қўл урсалар, шу ишларининг ўн йил, йигирма йил, ҳаттоки юз-икки юз йил кейинги ривожини кўзда тутадилар. Сиз — Қарши халқи ҳам юксак ҳунарга эгасизлар. Ана шу ҳунарларингнинг келгуси тақдирини ҳеч ўйлайсизларми?
Уста: Бизнинг бу ҳунаримиз бундан бир неча йиллар олдин яхши эди. Ҳозир ҳам ёмон эмас. Бироқ келгусида нима бўлишини худо билади.
Мен: Тўғри, аммо сиз ана шу ҳунарингизнинг яна ўн йил давом этиши учун бирон бир ҳаракат қиляпсизми?
Уста: Ҳозир ишимиз яхши, ўн йилдан кейин ким тириг-у ким ўлик?
Мен: Хўп, ҳозир тирик қолиш эҳтимоли ҳам бор экан, нега энди ўша куннинг ғамини емайсиз? Фараз этайлик, умрингиз охирига етмоқда, бироқ, фарзандларингиз ва набираларингиз нима билан шуғулланишади? Уста жаноблари, сиз келажак ҳақида фикр юритишни унутманг, чунки ҳар бир кишининг ҳаёти ўз ишининг келажаги билан боғлиқ. Эртани ўйлаш олам ободлигининг боисидир. Туккор сафар машаққатларини чекар экан, дунёсининг бугунгидан кўра кўпроқ бўлишини, мулла ҳужранинг қоронғи бурчагида ўта оч ҳолда кун ўтказар экан, келаси йили мударрис бўлишни, ҳоким халқ қонини сўраётиб, эртага вазирлик лавозимига кўтарилишни истайди. Подшоҳ эса эртага бир мулкнинг хутбасига номини қўшиб ўқишларини ўйлаб, юз минг аскарнинг ўлимига рози бўлади. Шундай қилиб, минг йиллардан бери давом этаётган ва бундан кейин ҳам давом этадиган бу ишларнинг бариси истиқбол ишқида, яъни келаси замон учун амалга оширилади. Бутун оламда ўтмиш учун қадам қўйган бирон бир кимса йўқдир.
Менинг сўзларим устага маъқул тушди. Яна фикримни давом эттирдим:
— Модомики, сўзларимни қабул қилган экансиз, келинг, касбингизнинг келажаги ҳақида фикрлашиб олайлик. Бундан юз йил олдин Бухоро аҳлининг тўни ва кўйлаги нимадан тайёрланганлигини биласизми?
Уста: Қалами ва карбосдан.
Мен: Саллалари-чи?
Уста: Ғиждувон докасидан.
Мен: Овқатларини қандай идишларга солиб тановул қилар эдилар?
Уста: Сафол товоқларда.
Мен: Ана шу карбос, қалами, сафол товоқ ва ғиждувоний докаларни ким тайёрлаб берар эди?
Уста: Бухороликларнинг ўзлари.
Мен: Буларнинг ишлари қўл билан бажарилармиди ёки машинадами?
Уста: Қўлда.
Мен: Кўрдингизми, ўша вақтлар туркистонликлар ҳаёти учун зарур бўлган ҳамма молларни ўзлари тайёрлардилар, яъни пулни чўнтакларидан чиқариб, қайтиб яна чўн-такларига солар эдилар. Бирон бир чақани бегона фабрикантларга бермаганлар. Бироқ, Оврўпо фабрикалари бирин-кетин нозик суф, ҳарир докалар ва чиройли, гулли чинни тавоқлар ишлаб чиқариб, Туркистон ерларини тўлдирдилар. Аҳоли, албатта, бу жилоли молларни ёқтирди ва бошқа миллий ашёларга эътибор бермай қўйди. Оқибатда дока ва карбос тўқувчи, дўконлар ва товоқ ишлаб чиқарувчи корхоналар ёпилди, уларнинг эгалари, истасалар-истамасалар, ҳаммоллик билан шуғулландилар ёки бировлар эшиги-да хизматкор бўлиб, оқибатда ҳасрат ва надомат билан дунёдан кўз юмдилар. Агар улар ҳам сизга ўхшаб «ўн йилдан кейин ким тириг-у ким ўлик» деб ўтирмасалар эди, ўзларининг карбос тўқувчи, чинни ва сафол ясовчи дастгоҳларини кўпайтириб, жуда қисқа вақт ичида тор дўкон ва вайрона уйларини катта-катта магазинлар ва йирик мар-мар биноларга айлантирар эдилар. Фақат ўзларинигина эмас, балки бутун туркистонликларни бахтли ва саодатли қилар эдилар. Чунки бечора халқнинг чўнтагидан чиққан ва бегона фабрикантлар ҳамёнига кирган пулларнинг барчаси туркистонликларнинг ўзларига қолар эди. Энди кўрайлик-чи, сизнинг ишингизнинг келажаги ҳам шундаймикан ёки йўқми?
Сиз, масалан, бир кийимлик ипли алочага ўн беш танга сарфлаб, йигирма тангага сотасиз ва беш танга фойда кўрасиз. Бироқ, агар фабрикачилар алоча тўқиш ишига қўл урсалар, худди сизникидек алочани ўн танга билан фабрикадан чиқариб ўн беш тангага сотадилар. У вақтда ҳеч ким йигирма танга пул бериб сизнинг алочангизни олмайди. Кейин сиз ҳам алочангизни ўн беш тангага сотасиз. Улар сизларнинг бу ишингизни кўргач, ўзларининг молларини саккиз тангага сотишади ва икки танга зарарни (уч кунга-ча) ўзларига раво кўришади. Ана шунда сиз ва ҳамкасбларингиз ҳам иложсиз, ўзларингнинг алочаларингизни саккиз тангадан сотиб, жуда кўп зарар кўриб, ҳовли ва дўконларингни сотиб шу зарарни қоплайсиз. Бечораҳоллик йўлига кирасиз. Бутун Туркистоннинг барча алоча тўқувчилари ўз касбларидан кечиб, бошқа иш билан банд бўл-ганларидан сўнг фабрикантлар ўз алочаларининг нархини секин-асталик билан Йигирма, Йигирма беш тангага кўтаришади ва туркистонликларнинг даста-даста пулларини ўз чўнтакларига урадилар. Мен шундай хулосага келдимки, агар туркистонлик ҳунармандлар, оврўполиклар сингари қўл меҳнатига асосланган корхоналарини доимий фабрикаларга айлантирмас эканлар, бир неча йилдан кейин уларнинг шарафли санъатидан ном-нишон қолмайди. Шунинг учун умид қилардимки, сўзларимни инобатга олсангиз, чунки иш таназзулга юз тутганидан кейин пушаймон бўлишнинг фойдаси йўқ.
Сўзни шу ерга етказиб, устадан жавоб сўраб, ташқарига чиқдим.
Энди ўз мақсадим баёнига қайтсам. Ушбу шаҳарнинг экин-полизи ҳам яхшидир. Қаршининг тамоку, арпа ва буғдойи бисёр, айниқса тамокуси машҳур ва кўпдир. Бироқ шуни эътироф этаманки, Қарши халқи ерларнинг ҳосил бериш даражасида меҳнат қилмайдилар, яъни ерларининг имкониятича ҳосил ололмайдилар. Фақат Қаршигина эмас, балки бутун Бухоро ўлкаси шу ҳолдадир. Менинг қарашларим ва кузатишимга биноан, бу халқнинг деҳқончиликка рағбатсизлигининг сабаби уч нарсадандир; бу масала амлокдорларнинг ишлари билан боғлиқдирки, унинг тафсилоти узундир ва бу китобчага сиғмас. Шундай бўлса ҳам, амлокдорнинг аҳволини қисқача баён этишни муносиб деб билдим.
Биринчидан, Бухоронинг амлокдорлари ҳукуматнинг ҳақини деҳқон ҳосилига қараб, тахминан оладилар. Масалан, фалон деҳқоннинг бир хирмон буғдойи бор. Амлокдор ўзининг истагига кўра ушбу буғдойнинг миқдорини чамалаб, подшоҳлик ҳақини талаб этади. Амлокдорлар ҳукумат томонидан ҳаққул-хизмат олмайдилар, балки ўзларининг бутун харж-масрафларини деҳқон ҳисобидан ундирадилар. Шунингдек, амлокдорлик жазога мустаҳиқ эмас, масалан, амлокдорлар деҳқоннинг хирмонини инсофсизлик билан чамаласалар, подшоҳнинг ҳақини халққа ва халқнинг ҳақини подшоҳга ўтказсалар ҳам, жазоға тортилмайдилар. Шунинг учун улар раият ҳақига қўлларидан нима келса, шуни қилаберадилар.
Иккинчидан, масала деҳқоннинг ўзига ҳам боғлиқдир. Деҳқончилик асбоблари ва экин-тикин усуллари ҳали ҳам ҳазрат Одам Атонинг деҳқончилигидан фарқ қилмайди. Масалан, Оврўпо мамлакатлари ўзларининг йирик шаҳарларида деҳқончиликка оид мактаб очганлар. Ўз фарзандларини шу мактабларга киритиб, қишлоқ хўжалигига оид фанлардан таълим берадилар. Бу мулкнинг деҳқонлари эса, «деҳқончилик мактаби» деган тушунчани тушларида ҳам кўрмаганлар. Оврўпо ҳакимлари ерга қувват бахш этадиган ҳайратланарли дорулар ишлаб чиқарганлар. Бухоро деҳқонлари эса ерларига қувват бериш учун энг аввало битта от ва арава ёки бир неча эшак сотиб олишга маж-бурлар, кейин эса шаҳар ичига келиб, ҳар куни одамлар ҳожатхонасидаги ахлатни ўша арава ва эшакларига ортиб, далага олиб кетадилар, тўплайдилар, тупроққа соладилар. Зарур бўлган тақдирда бу ифлосликнинг бир неча қопини бир таноб ерга тўкадилар. Оврўпо деҳқонлари ерни шудгорлаш учун машиналарга эгадирлар. Бу машиналар бир кунда бир неча таноб ерни ҳайдаш қудратига эга. Ьухоро деҳқонлари эса энг аввало иккита ҳўкизни анча қиммат пулга сотиб оладилар, кейин йил бўйи ем учун кунига ўн тангадан сарфлаб, асрайдилар ва баҳор кунларининг бошида катта машаққат билан бир таноб ерни кунлаб шудгор қиладилар.
Фарангистон деҳқонлари буғдой янчиш учун ҳам алоҳида машина ясаб олишган. Бухоро деҳқонлари эса бу ишни бажариш учун бир неча ҳўкиз, эшакка муҳтождирлар. Шунинг учун ҳам бухороликлар ердан унумли фойдаланишолмайди. Бухоро дониш-мандлари бу жиҳатдан деҳқонларни гуноҳсиз билиб: «Асл гуноҳ бизнинг катталаримизда, буларни ҳалигача тўғри йўлга бошламаганлар», дейдилар. Мен ҳам бу фикрга қисман қўшиламан, лекин бу билан қаноатланмай, гуноҳнинг бир қисмини деҳқонларнинг бўйнига қўяман, чунки ушбу сўзлар тушунтирилган тақдирда ҳам улар қабул қилмайдилар. Масалан, Қаршида ҳам, Бухорода ҳам бир неча кишига Фарангистондаги зироатчиликнинг йўл-йўриғини тушунтирдим, бироқ улар «сиз жаннатдаги деҳқончилик ҳақида сўзламоқдасиз», деб кулдилар.
Учинчи сабаб — қозиларнинг хатти-ҳаракатидир. Энг аввало Бухоро қозилари маҳкамаси ҳақида қисқагина арз этсам. Бухорога қарашли ҳар бир вилоятнинг ўз қозиси бор. Улар амир томонидан тайинланиб, асл вазифалари — шариат ҳукмини жорий этишдир. Қозилар бозорларда ўзларига тобе ноибларни тайинлайдилар. Бу ноиблар шариат ҳукмининг «амалга ошиши»ни назорат қиладилар. Лекин уларнинг ўзлари хат-саводдан маҳрумдирлар! Бу қозиларнинг ҳар бири йигирма-ўттиз мулозимга ва бир неча бош молга эгадирлар. Уларнинг ана шу мол-мулк ва даромадлари муҳрхонанинг пули ва хизмат ҳақлари ҳисобидан қўлга кириши керак. Бошқача айтганда, ушбу пулларнинг барчасини бечора халқ чўнтагидан олишлари керак.
Қарши қозихонасида ўз кўзим билан кўрган бир воқеа Бухоро қозиларининг мурувватсизлигини яққол тасвирлаб бера олади. Ўшани арз этсам:
Эрталаб қози эшон саломидан чиқиб кетаётган эдим, тўсатдан қозихонанинг эшигидан элликка яқин эркак ва бир хотин шовқин-сурон билан кириб, шариат бурёсинииг устига ўтиришди. Мен ҳам қизиқиб, атайин уларга яқин бордим ва суҳбатларини диққат билан эшитдим. Хотин турли далилларни келтириб, даъво қилар эди:
— Кеча нон пишираётиб, битта нонни тандирдан узиб, суфанинг устига қўйдим. Шу пайт уйдан боламнинг йиғиси эшитилди. Хабар олиш учун борганимда, ўша қолдириб кетган нонимни мушук олиб кетибди. Эрим буни кўриб, мени кўп уришди. Ялиниб-ёлворишим фойда бермади, эрим тобора жаҳлига миниб, сўзларимга қулоқ солмасдан мени тепа бошлади. Ахийри жон ҳоврида қўшнининг ҳовлисига қочдим ва у ердан акамнинг уйига бордим. Кейин зса сизнинг хизматингизга етиб, арз этиб, қозининг мулозимини олиб бордим. Мана энди ўзини олиб келдим.
Қози хотиннинг эрига қараб деди:
— Нега бу бечорани калтакладинг? Шаҳарни ҳокимсиз деб билдингми? У эркак бутунлай мункир келиб, деди:
— Менинг бу ишдан хабарим йўқ. Хотинимнинг акасининг мен билан душманлиги бор эди. Шунинг учун хотиним менга туҳмат қилмоқда.
Қози (ўта ғазаб билан): Ёлғон гапиряпсан. Шуғулланиб юрган ишларингни ҳеч ким билмайди деб ўйлайсанми? Ҳозироқ тирноқларинг остига ғаров тиқаман, — деб, ўша заҳотиёқ қамашга ҳукм этди. Шу пайт ҳалиги кишининг тарафдорлари баланд овозда унинг бегуноҳлигини исботлашга тириша бошлади, хотин томонидан келганлар эса уларнинг сўзларини инкор этар эдилар. Хуллас, ҳар иккала томон орасида ғавғо бошланди, биров бировга қулоқ солмас эди. Тортиша-тортиша қозихонани тарк этдилар. Мен уйга қайтаётиб, ушбу воқеадан ҳайратланиб, ўз-ўзимча дер эдим: «Хўш, нонни-ку, мушук олиб кетибди, эллик киши овора бўлиб, икки фарсаҳ йўлдан бу ерга нега келишди экан?»
Бир оз китоб мутолаа этдим. Туш ҳам бўлиб қолди... Овқатланиш вақти етган эди. Қози менга одам юборди. Таомни биргаликда едик... Шу аснода қозихона ҳовлисида икки киши кўринди. Қози:
— Эрталаб бир-бири билан уришган эр-хотинни кўрганмидингиз? — деб сўради.
Мен: Кўрган эдим.
Қози: Бу икковлон уларнинг оқсоқоллари, қани кўрайликчи, нима истар эканлар... Шу пайт иккала оқсоқол эшикдан кириб, салом бердилар. Қози уларнинг бирига қараб, деди:
— Ҳа, оқсоқол, аҳволларингиз қалай?
Оқсоқол: Дуо қиламан, тақсир. Худо сиз жанобларининг ва махдумжоннинг умрига барака ато этсин.
Қози: Бу падарлаънат, эшак хотинини нега урибди, мамлакатни ҳокимсиз кў-рибдими?
Оқсоқоллар: Балоингизни олай, у бечорада гуноҳ йўқ, хотиннинг ўзи ҳам жуда шаллақида.
Қози: Хотин кишининг қўлидан нима ҳам келар эди, барча худобехабарлик ва обрўсизлик ўша эшакнинг ўзидандир, у бу заифани кимсасиз деб гумон қилган. Мен кимсасизларнинг отасиман. Шу бугуноқ жаноби олийга арз этиб, етмиш беш дарра урдираман, токи бошқаларга ибрат бўлсин.
Оқсоқол қозининг бу сўзларидан жуда қўрқиб, деди:
— Тақсиржон, дардингизни олай, қари қулингизнинг сўзини қабул этиб, ўша бадбахтнинг гуноҳини кечиринг, хотини ҳам гуноҳидан кечди.
Қози: Ёлғон сўзлаяпсиз, хотини ҳеч вақт унинг гуноҳидан кечмайди.
Оқсоқол: Биз ёлғон гапираётганимиз йўқ, буюринг, хотиннинг ўзини олиб келайлик.


Қози: Олиб келинг.
Оқсоқол чиқиб кетди ва маълум вақт ўтиши билан хотинни тарафдорлари билан бошлаб кириб, бўрё устига ўтирғизди. Қози хотинга қараб, деди:
— Эрингни қамадим. Эртага жаноби олийга арз қилиб, етмиш беш дарра урдириб, сарбозликка топшираман.
Бечора хотин қозининг сўзларини эшитиши билан бир сесканиб, йиғлаб деди:
— Мен эрим номидан тавба қиламан, у бечоранинг гуноҳидан кечинг, худо ҳаққи, бизнинг аҳволимизга раҳм этинг.
Қози: Эй хотин, энди бунинг иложи Йўқ. Менга қара, эринг сени урдими ёки йўқми? Агар урган бўлса жазолайман, урмаган бўлса, эрингга туҳмат қилганинг учун сени жазолайман.
Хотин: Эрим мени урган эди, лекин мен ҳозир унинг гуноҳидан кечаман, сиз ҳам унинг гуноҳини кечиринг.
Қози: Тамом... эринг сени урган экан, мен уни жазолайман. Албатта, эринг сени кимсасиз ва бечора деб билган, энди қасдингни оламан, токи халойиқ билсинки, мен бу шаҳардаги бечоралар ва кимсасиз кишиларнинг ҳомийсидирман.
Бечора хотин яна илтижо билан деди:
— Болаларингизнинг роҳатини кўринг, икки сағир фарзандимиз бор. Раҳм қилинг, ахир, эримга нисбатан ҳеч даъвойим йўқ, у бечорани афв этинг.
Қози: Шариатнинг сағир фарзанд билан иши йўқ, эрингни жазолайман.
Хотин: Ҳозир сиз ўзингизни бечораларнинг ҳомийси дедингиз, арзимас шу ишни деб уйимизни куйдирманг, мени бева, фарзандларимизни етим қолдирманг.
Қози ғазабланиб мулозимларига буюрди:
— Бу падарлаънат девонани олиб чиқинг!
Раҳм-шафқатни билмайдиган мулозимлар бечорани муштлаб-тепкилаб, қозихона-дан олиб чиқиб кетишди. Мен ҳам ўз уйимга жўнадим. Бу кеча ўтиб, эртасига... бир оз мутолаа билан шуғулландим, бироқ, фикримни ҳеч йиға олмас эдим/Ўша хотиннинг ҳазин нолалари ўқтин-ўқтин хаёлимни бўлар эди. Қозининг одами келиб, мени чойга таклиф этишини сабрсизлик билан кутар эдим. Мақсадим: шу баҳона, ўша кечаги маҳ-бус эр ва бадбахт хотиннинг тақдиридан хабардор бўлиш эди.
Кўп ўтмай, хабарчи менга қозининг таклифини етказди. Худодан миннатдор бўлиб, тезда қозининг уйига етиб бордим. Таом тановули орасида бир оз суҳбат қилдик. Шу пайт кечаги икки оқсоқол салом бериб, уйга кириб ўтирдилар. Қози табассум билан алик олди ва мулозимларидан бирига кечаги маҳбусни олиб келишни буюрди.
— Эй худо урган бадбахт! — деди қози маҳбусга қараб___Мен сени етмиш беш
дарра урдириб, сарбозликка топширмоқчи эдим, лекин бу сафар ҳам оқсоқоллар ҳурмати, гуноҳингдан кечдим.
Оқсоқоллар ҳам, маҳбус ҳам эл дардини ўйлайдиган бу қози ҳақига дуо қилишди. Мен ҳайратдан ёқа ушлаб, ўзимча дер эдим: Кеча ўта қаттиққўллик, бугун ўта марҳа-мат ва мулойимлик кўрсатган қози эшоннинг ҳаракатлари сабаби не экан?
Фақат ана шу масаланинг ҳақиқатига етишиш учун қозининг уйидан чиқиб, мирзохонага бордим. Қозининг мирзакалони донишманд киши бўлиб, баъзан туркий ва форсий газеталарни ҳам ўқир эди. Биз бир нёча марта ҳамсуҳбат бўлган эдик. Мени кўриши билан деди:
— Мусофир жаноблари, кўрдингизми, биз қанчалик бадбахт эканмиз?
Мен: Нимани кўрибман?
Мирзо: Ана шу эр ва хотин жанжалини яхшилаб мулоҳаза этдингизмй ёки йўқми? Мен: Ҳа, диққат билан кузатдим. Билдимки, ўша нонни мушук олиб кетибди. Би-роқ, қозининг мушук ўйини сабабини тушунмадим.
Мирза: Қолган нонларни ҳам улардан тортиб олиш учун эди.
Мен: Биродар, бу воқеадан жуда ҳайратда қолдим. Ишнинг ҳақиқати қаерда? Қози эшон биринчи кун нега бунча қаттиқ туриб олдилар? Бугун нега камоли илтифот билан маҳбусга жавоб бердилар?
Мирза: Кеча намози шомдан кейин ўша икки оқсоқол келиб, шариатпаноҳ жа-нобларига икки минг танга ҳадя этиб, эрнинг гуноҳини тилаб олдилар. Қози эса оқсо-қоллар «ҳурмати» туфайли, у бечоранинг гуноҳидан кечдилар.
Мен: Нима деяпсиз? Мушук олиб қочган битта ноннинг қиймати икки минг танга... Бунинг маъниси не?
Мирза: Кошки, бу харажат икки минг танга бўлса эди? Фақатгина қози жанобларининг ҳадяси шунча.
Мен: Яна қандай харажатлар бўлиши мумкин?
Мирза: Бир ярим минг танга қози мулозимлари, раис ва ҳокимнинг кишилари ҳамда ўша икки оқсоқолнинг чўнтакларига кирди.
Мен: Тўғрисини айтсам, сизнинг бу қиссангиз мени жуда ҳайратга солди. Агар битта нонни ўғирлаган мушукнинг харажати шунчалик бўлса, катта-катта даъволар учун қанча тилар экан булар?
Мирза: Ҳайрон бўлсангиз ҳам, бўлмасангиз ҳам ҳақиқат шу. Албатта, катта даъволар ўзгача харажат талабдир.
Мен: Шундай экан, халқнинг аҳволи нима кечади?
Мирза: Худо билади.
Шу пайт икки мулозим кириб, суҳбатимизни бўлишди. Мен чиқиб, ўз уйим томон кетдим. Тушда ҳар кунги одатим бўйича, қозининг уйига бордим. Қози мени кўриб, кулиб деди:
— Шаҳар ёнмаса дарвишнинг кабоби пишмас. Биз Сиз жанобларини қандай хур-санд қилишни билмас эдик. Яхшиямки, худо етказди. У хотиннинг нонини мушук олиб қочиб, биз ҳам бир неча тангага эга бўлдик. Ана шу янги овимиздан ўзимнинг ҳаққим ва махдумжоннинг улушини олдим, Бу уч юз танга сиз жанобларига қолди. Бизнинг камимизни кўп ўрнида кўрасиз.
Ушбу сўзларни айтиб, бир неча рус пул қоғозларини олдимга қўйди. Мен уларга қўл тегизмай, дедим:
— Жуда мамнун бўлдим, бироқ, бир густоҳлик қилсам. Агар марҳамат этсангиз, арз этсам.
Қози: Нима густоҳлик?
Мен: Бу хотин ва унинг эри пулни қаердан топишди экан?
Қози: Ҳо-ҳо-ҳо! Биз пул олишни биламиз, бошқасига ишимиз йўқ, Отасининг гўридан топсин, бизга нима!
Мен: Авф этасиз. Банда бир мусофирман. Ушбу ишларни билиш мен учун пулдан ҳам муҳимроқдир. Шунинг учун сўрадим.
Қози: Хабарим йўқ, бироқ сазангиз ўлмасин, девонбегидан сўрарман.
Девонбегини чақириб сўрадилар. У деди:
— Эрида пича пул бор экан, етмаганини аёли икки таноб ерини сотиб берди. Қози менга қараб деди:
— Тушундингизми?
Мен: Ҳа, тушундим, мамнун бўлдим. Лекин, сиз жаноблари шаръи шарифнинг ҳокими бўла туриб, ўша бечоранинг пулини олишга қандай ботиндингиз?
Қози: Эй биродар... шариатни қўйинг, агар қозиликнинг шундай ишлари бўлмаса, иссиқ уй-жойимизни совутиб бу юртларга нега  келдик?
Мен: Авф этасиз, мен бу пулни олмайман.
Қози: Нега?
Мен: Мусулмонман, буларни сизга берганлар ҳам мусулмондирлар.
Қози: Сўзларингизнинг маънисига етмадим. «Мусулмонман ва улар ҳам мусулмондирлар...» Ҳали биз на сизни, на уларни кофир деганимизча йўқ. Пулни нега олмайсиз?
Мен: Бизнинг шариатимиз барча мусулмонларни бир-бирига биродар этиб, бир мусулмон молига иккинчи мусулмоннинг ноҳақ эгалик қилишини ҳаром деб уқтиради. Сиз жаноблари бир мусулмон ҳаққини зўрлик билан олдингиз, буни мен ўз кўзим билан кўрдим. Энди эса ундан менга ҳам улуш бермоқдасиз. Сизнинг бу гуноҳингизга шерик бўлишни истамайман. Шунинг учун ҳам бу пулни олишим мумкин эмас.
Қози сўзларимдан аччиқланди ва ғазаб билан пулни ҳамёнига солди, бироқ ҳеч нарса демади. Мен ҳам туриб ташқарига чиқдим. Бундан кейин бу ерда қолишим мумкин эмаслигини билиб, тезлик билан бир аравани гаплашдим. Эрталаб қозидан рухсат сўраб, аравага ўтириб, йўлга тушдим ва Шаҳрисабз шаҳрига етиб келдим.
Бу шаҳар Бухоронинг йирик вилоятларидан биридир. Дарвоқе, номига ҳам муносиб — кўм-кўк. Кенг ва фаровон далаларга эга. Айниқса, гуручни кўп етиштиришади. Енгил саноатидан Китобнинг алочаси ва ироқидўзлиги жуда машҳурдир... Фақат шуни таассуф билан айтиш мумкинки, бу ҳунармандлик ҳали ҳам эски усулда давом этмоқда ва шунинг учун ҳам бугунги кунда таназзулга юз тўтмоқда.
Бу ерда ҳам қозининг уйига тушдик. У донишманд ва оламдаги аҳволдан хабардор бир киши экан. Бир куни қозининг ҳузурида бўлиб, Шаҳрисабзнинг аҳволи ҳақида суҳбат қилдик.
Қози: Жаноби мусофир бу вилоятни қай аҳволда кўрдилар?
Мен: Жуда маъқул мулкдир, мувофиқ ҳавоси ва аҳолисининг комил истеъдоди бор, бироқ не чораки, бошқа ислом   мамлакатлари қатори бу шаҳар ҳам харобага айланган.
Қози: Тўғри, биз мусулмонлар ҳеч вақт мамлакат ободлиги ҳақида бош қотирмаймиз.
Мен: Сизнинг бу вилоятингиз Самарқанд билан қўшнидир. Ҳавоси ва бошқа фазилатларининг Самарқанддан кам жойи йўқ. Шаҳрингизнинг Самарқандчалик обод эмаслиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисизлар? Қози жаноблари, маълумки, бугун бутун ислом олами ҳунарсизлик ва илмсизлик туфайли абадий фалокат томон кетмоқда. Сиз ҳам мусулмонларнинг мамлакат ободлигига эътиборсиз эканлигини таъкидладингиз.. Ажабо, Муҳаммад умматлари нега фақир ва нодон эканлар? Ислом мамлакатлари нега вайрона ва харобазор бўлиб қолиши керак? Масалан, Қарши ва Китобнинг бирон бир алоча тўқувчиси Фарангистонда яшаса, бошдан-оёқ зар-зеварларга ботар эди. Бу бечораларнинг эса, ейишга нони йўқ. Агар шу Шаҳрисабз ерлари Ёпон элида бўлганида эди, зар экиб, зар ундирардилар. Бу ерлар нега шўразорга айланган?
Саволларнинг ҳар бири ҳар қандай мутафаккирни довдиратиб қўяди. Фақат шуни тушунмайман: нега бу масала сизларнинг хаёлларингизга келмайди?
Қози: Биродар, яхши биласиз, халқимизнинг фикр доираси тараққий этмаган, улар бу ишларнинг моҳиятини тушунмайдилар. Тафаккури юксак бўлмаган кишилар қўйларга ўхшайдилар, ҳар хусусиде чўпонга тобедирлар ва ўз буюкларининг пайравидирлар. Мен шунга ҳам иқрор бўлиб атаманки, биз буюклар ҳам умримизнинг ақалли бир дақиқасини халқимиз осойишталиги ва саодати йўлида сарф этганимизча Йўқ. Халқнинг тинчлиги, мамлакатнинг ободлиги каби масалалар биронтамизнинг хаёлимизга келган эмас. Ҳар бир ҳоким ўзини уч томоннинг вакиллари танишини истайди: биринчи — мамлакат, иккинчи — раият, учинчи — подшоҳ. Чунки, ҳокимият ватан ва миллат вужуди билан боғлиқдир. Агар миллат маҳв этилиб, ватан хароб бўлса, на биз ҳоким бўламиз, на подшоҳ. Тўғри, бизни амир ҳазратлари ҳоким этиб тайинлаганлар. Лекин қаерда? Шаҳрисабзда. Агар Шаҳрисабз ва бу жойнинг халқи бўлмаса, бизнинг ҳокимлигимиз худди гўристонга оқсоқол бўлишдек маъносиз ва кулгили бўлар эди. Биз бухороликлар, бир шаҳарда ҳоким бўлдик дегунча, мамлакат ва халқ ҳуқуқини бутунлай эсдан чиқарамиз. Ҳатто худони ҳам унутамиз. Вақтимизни подшоҳни шод этиш йўлида сарф этамиз. Қизиқ жойи шундаки, бунга ҳам тузук-қуруқ эришолмаймиз. Подшоҳлар қанчалик тошбағир бўлишмасин, мамлакатнинг вайроналиги ва халқнинг бечоралигига чидашолмайди. Шоҳимизнинг адолатпарварлик, раиятдўстлик ва халқ-парварликда назири йўқдир. Имоним комилки, у зот ҳамиша миллатнинг тинчлиги, ватаннинг ободлиги билан шуғулланадилар, бироқ шу ҳам аниқки, бир кишининг донишмандлиги ва адолатпарварлиги тўрт миллион кишилик элга таъсир этиши қийин. Тўғри, амиримиз одиллар, бироқ хизматчиларининг кўпчилиги адолат кўчасидан ўтмаган. Шунинг учун, мамлакатимиз ҳалигача обод бўлмайди ва аминмизки, агар шу ҳол давом этса, бир умр обод бўлмас.
Мен: Ҳақиқатда ҳам Сизнинг бу фикрларингиз маъқулдир. Лекин, Сиз жаноблари Бухоро халқини қўйга ўхшатиб, бутун гуноҳни ҳокимларга ағдардингиз. Бу жиҳатдан ҳокимларни гуноҳсиз демайман, бироқ халқда ҳам айб кам эмас. Тўғри Бухоро халқи қўйга ўхшайди, бироқ қўйга ўхшашлик инсон учун ҳусн эмас, балки нуқсондир. Инсон инсондир, нега у энди ҳайвонга ўхшаши керак экан? Оллоҳ таоло Қуръонда буюради-ки... «лақод холақнал-инсана фий-аҳсани тақвийм», яъни, биз инсонни мақтал, юксак баҳо бериб халқ этиб яратдик. Бошқа ўринда таъкидлайди: «Ва саххара лакум ма фис-самавати вал-арз», яъни, барча ер ва осмондаги нарсаларга сизларни ҳукм этувчи деб буюрдик. Демак, мулоҳаза этинг, агар ер ва осмондаги нарсаларнинг бир қисми инсоннинг буйруғига бўйсунмас экан, фарангийлар бу елканли кемалар ва ҳавода учиш воситаларини қаердан яратмоқдалар. Кўрдингизми, инсон Қуръоннинг ҳукми билан ҳам олий махлуқотдир, у еру осмонга амр берувчидир. Агар тоғу осмону темиру Мумнинг инсоннинг иқтидорли панжасининг остида фарқи Йўқ бўлса, у нега қўйга ўхшар экан? Нега турмуш тарзини ўз ҳокимларидан ўрганар эканлар? «Лайса лил-инсани илла ма саъй», яъни инсон ҳар нима топмасин, ўзининг интилишидан топади, интилмас экансиз, ҳеч нарсага эриша олмайсиз.
Пайғамбаримиз буюрадилар... «Худованд ҳар бир бандасини унинг меҳнат ва ҳаракатига қараб яратади. Парвардигор бизнинг саломатлик ва саодат йўлимизни тўла кўрсатиб берган. Энг аввало дейди: «Сизларни оламнинг олий махлуқи қилиб яратдим.» Шуни яхши билиш керакки, биз кўз ва қошларимиз эвазига эътиборли махлуққа айланганимизча йўқ, балким эътиборлигимиз ва устунлигимиз — билимимизнинг эътибо-ри ва иқтидоримизга боғлиқ. Агар биз ўзимизнинг билимимиз ва иқтидоримиздан фойдаланмасак, наинки эътиборли, устун, балки энг ёлғон ва паст махлуқлардан ҳам пастроқ ва ёмонроқ бўлиб қолишимиз аниқдир.
Тангри таъоло яна таъкидлайди: «Еру осмонда ҳар нима бўлса, сизларнинг буй-руқларингизни бажарувчи этиб тайинладик». Инсоф билан айтинг-чи, ана шу еру осмон-даги махлуқлардан қайси бирини биз ўзимизга тобе этдик? Агар сиз Оврўпо мактабларида ўқиганингизда ва овруполиклар телеграф, телефон, темир йўли, ҳаво кемаларини қайси йўл билан ва қандай яратганликларини билсангиз эди, Қуръоннинг ана шу бир оятидан биз мусулмонлар қанчалик неъматларни оёқ ости қилганлигимизни тушуниб етар эдингиз.
Яна бошқа ўринда таъкидлайди: «Инсон нимагаки эришса, ҳаракатининг натижасидан топади. Агар интилмаса, ҳеч нарсага эриша олмайди». Албатта, сизнинг ақл ва билимингиз туфайли махлуқларнинг энг олийси этиб, барча махлуқларни сизга тобе қилиб яратган экан, демак сиз ўз билим ва иқтидорингизни ишга солишингиз керак. Агар интилмасангиз, унда худодан нима гина? Ҳокимдан нима шикоят?
Пайғамбар ҳазратлари буюрадиларки: «Сизларнинг ҳар бирларингиз ўз қўл ости-дагиларингнинг чўпонисизлар ва сизларнинг ҳар битталаринг ўз қўл остидагиларингнинг аҳволи учун оллоҳ олдида ҳисоб беражаксиз». Ушбу ҳадисга биноан, ҳокимлар ўз қўл остидагиларга раҳнамолик қилишлари керак. Ҳокимлар халқ ғамини емайдиларми, демак, гуноҳкордирлар. Шунинг учун, ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак, чунки оллоҳ бизга ҳам уларчалик ақл ва иқтидор берган. Агар бу ақл ва қудратимизни ишга солмасак, унда ўзимиз гуноҳкормиз...
Бир ҳафта Шаҳрисабзда туриб, кейин Самарқанд томон йўлга тушдик. «Фирдавс-монанд» бу шаҳар Бухорога нисбатан анча тартиблидир, аҳолисининг руҳияти ҳам Бухоро аҳолисининг руҳиятидек эмас. Самарқандликлар икки-уч ибтидоий мактабга эга, уларнинг энг яхшиси Шакурий мактаби. Агарчи бу мактаб унчалик тараққий этган бўлмаса-да, ҳар ҳолда, мудир ва муаллимларининг олийжаноб ҳимматлари соясида қисқа вақт ичида ривож топиб, камолотга етишишига умид боғласа бўлади. Яна шуки, нуктадон муҳаррирлар ва зукко фозиллар кўплигига қарамасдан, самарқандликлар ҳалигача биронта миллий газетага эга эмаслар. Самарқандлик биродарларимизга. «ҳимматингиздан умидворлигимиз каттадир» деб, сафаримизни давом эттирдик.
Самарқанддан вагонга ўтириб, Хатирчи станциясигача етдик. Станциядан Хатирчигача икки фарсаҳ йўл. Бир бузуқ аравага мен билан олтита хатирчилик ўтиришди. Улар Хатирчининг мўътабар кишилари бўлиб, бутунлай саводсиз эдилар. Йўлнинг машаққати шу даражада эдики, агар уни Пули сирот ўрнида дўзах устидан ўрнатсалар, ҳеч ким жаннатнинг орзусини қилмас эди! Арава одамларни гўё зилзила бўлгандек, бир-бирларининг устига олиб отар, жуда нохуш тарақ-тарақ билан юрар эди. Мен Самарқанд станциясига олиб борадиган йўлни эслаб, бу бало йўл билан ўшани қиёслаб, ўзимча дер эдим: «Қара, йўлнинг фарқи қаёқдан қаёнгача!»
Шундай қилиб, бу дўзахсимон йўлдан тўрт соат юриб, Хатирчи мулкига етдик. Ҳоким уйини манзил этдик. Бизга алоҳида хона ажратдилар.
Бу шаҳарнинг аҳволи Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларига ўхшаш, яъни уларга ёпирилган балоларга бу шаҳар ҳам мубтало бўлган. Бу шаҳарнинг аҳволи у шаҳарлардан баттарроқдир. Қишлоқларнинг жуда кўп ерларига экин экилмаган, халқи фақир ва фалак қарғишига учраган кишилардир. Масалан, мен ўзим бир кишини Хатирчи қўрғони атрофидаги бир неча таноб ернинг ҳар танобини ўн етти тангадан сотиб олганини кўрдим. Яна бир куни бозордаги чой дўконида ўтирган эдим, бир деҳқон келиб ўн тангалик нарх ва ўн ойлик қарз билан нимча чой сотиб олди. Мен бундан жуда ҳайратда қолиб, ўша деҳқондан сўрадим:
— Шу ўн тангани нақд тўлай олмайсизми? Деҳқон менинг юзимга тикилиб қараб, деди:
— Йўқ!
Мен: Хўш, ҳар ой икки тангадан бериб, беш ойда шу қарздан қутула олмайсизми? Деҳқон таассуф билан кулиб, деди:
— Ойига икки танга топиш сизлар учун — худонинг ғазабига учрамаган учун осондир, лекин бизга мумкин эмас.
Мен: Ўн ойдан кейин бу пулни қаердан топиб берасиз?
Деҳқон: Мен амлокдордан қарздорман, ҳашар пулидан ҳам бўйнимда бир неча танга қолган. Яна, судхўрлардан ҳам анча пул қарзман. Ана шу қарзларимдан кўпининг муҳлати ўн ойда тугайди. Ўшанда улар менинг бир неча таноб еримни сотиб оладилар. Шундан кейингина бу кишининг ҳам ўн тангасини тўлашим мумкин.
Кунлардан бирида ҳоким мирзаларининг бири билан Хатирчининг фалокатга йўлиққан, бечора халқи ҳақида суҳбат қилаётганимизда, мирза:
— Яқинда ажиб бир воқеа содир бўлди, шуни сизга айтсам,— деди.
Мен: Жуда яхши, айтинг!
Мирза: Маълумки, деҳқонларимиз ерларига маҳаллий ўғит соладилар. Уларнинг ҳар бири ўзининг бўш вақтида бир неча қоп ўғит тўплайди ва экиш пайтида ерга тўкади. Сафар номли деҳқон ҳам бир неча қоп ўғит тўплаган. Кунлардан бирида унинг қўшниси атайинми, адашибми, унинг ўғитини ўз ерига солган. Ушбу ҳолдан хабар топган Сафар ғазабланиб қўшнисини сўкади, қўшниси ҳам ўз навбатида Сафарни ҳақоратлайди. Бир дақиқа вақт ўтар-ўтмас, жанжал йириклашиб, катта можарога айланади. Шариат ҳокими — қози жаноблари икки юз танга муҳрона, юз танга хизмат ҳақи олиб, ушбу можарони ҳал этганлар. Бечора Сафар раис одамига ҳам юз танга берган. Ўша куни бу хабар ҳокимхонага етиб келди. Биз ҳам одам юбориб, икки юз танга олдик. Устига-устак, миршаб юз танга ундирган. Шундай қилиб, бир қоп ўғит учун бу бечоранинг олти юз танга пулини вилоятнинг тўрт ҳокими томоққа урдилар.
Ушбу воқеани эшитгандан кейин юқоридаги чой сотиб олган деҳқон эсимга келиб, мирзадан сўрадим:
— Биродар, эшитишимча, бу вилоят халқининг ҳатто ўн танга ҳам нақд пули йўқ. Шундай экан, у бечора олти юз тангани қаердан топади?
Мирза кулди:
— Тўғри, пуллари йўқ, лекин, алҳамдулиллоҳ, бу шаҳарда одамнинг оғирини енгил этувчи саховатли кишилар кўп.
Мен: Улар қанақа одамлар?
Мирза: Судхўрлар. Уларнинг пул бериш йўллари ҳам ажиб. Масалан, фараз этайлик, мен судхўрман. Ана шу юқорида номи зикр этилган Сафар, ўша жанжалини бостириш учун олти юз танга сўраб олдимга келади. Ҳар юз танга ҳисобидан ойида тўрт тангадан фойда бериш шарти билан унга бу пулни тутқазаман. Ночор рози бўлиб, олади. Шунда ҳам пулнинг барчасини бермайман. Ҳар юз тангага нимча чой — ўн танга, жами эллик танга ва эллик танга нақд пул бериб, уни юз тангага қарздор этаман. Шундай қилиб, олти юз тангадан: олтита нимча чой — олтмиш танга, бир ярим ман бўғдой — юз эллик танга; бир ярим ман жўхори — тўқсон танга, жами уч юз танга ва яна уч юз танга нақд пул бераман. У бечора зорланиб, ёлбориб дейди: «Менга олти юз танга керак, мен бу чой, буғдой, жўхорини қайси дардимга даво этаман?!» Мен зарда билан жавоб бераман: «Менга нима? Бозорга олиб бориб сот!» У ўз навбатида: «Шу нарсаларни ўзингиз истаган нархингизда сотиб олиб, пулини менга беринг», дейди. Мен чойга ўттиз олти танга, бир ярим ман буғдойга бир юз йигирма танга, бир ярим ман жўхорига олтмиш танга — жами бир юз ўттиз уч танга бераман. У бечора ҳам уч юз танга ва бир юз ўттиз уч танга — жами тўрт юз ўттиз уч тангани олиб, олти юз танга қарздор бўлади.
Бу муомалада икки нарса диққатга лойиқдир. Менинг инсофсизлигим ва унинг бахтсизлиги. Инсофсизлигимни таҳлил этсангиз: тўрт юз ўттиз уч танга бериб, у бечорани олти юз танга қарздор этаман. Яъни олти юз тангани ўз чўнтагимдан чиқармасдан, бир юз олтмиш тўрт тангани ғорат этаман.
Кейин у бечорадан «фойда» деб, ҳар йили икки юз саксон саккиз танга талаб қиламан. Энди унинг бахтсизлигини тасаввур этинг: энг аввало бечора, тўрт юз ўттиз олти танга олиб, олти юз танга қарз бўлади, бир йил ўтгандан сўнг икки юз саксон саккиз танга фойдамни ҳам қўшиб, саккиз юз саксон саккиз танга бериши лозим. Бу ҳам аниқки, бир йилда у бечоранинг бошига бунга ўхшаш даъволар бир марта эмас, балки ҳеч бўлмаса, уч марта тушади. Ана шунда у бир йилда тахминан уч минг танга қарз бўлади. Хўш, у бу қарзларини қандай узади? Албатта, уй ва ерларини ўша судхўрларга беради. Ўзию аҳли аёли дарбадар гадо бўладилар. Бу бошимизга тушган энг оғир ва қаттиқ балолардан биридир.
Мен бу сўзларни эшитиб, сиқилганимдан шундай дедим:
— Худонинг бандалари бундай зулмга маҳкум бўлган мамлакатга Оллоҳнинг раҳмати соя ҳам ташламас!
Хатирчида бир ҳафта туриб, кейин Бухоро йўлига равона бўлдик. Хатирчи станциясига келиб, поездга ўтирдим. Мен билан бирга икки тожир ва бир бухоролик мулла ҳам йўлга чиқишган экан. Сўрадим, дедилар:
— Самарқанддан келяпмиз. Бухорога борамиз.
Вагон тез суръат билан кетиб борар эди. Ҳар ким ўз иши билан машғул. Тужжорлар савдо ишлари мавзуида суҳбатлашар эдилар. Мен бир китобни олиб мутолаа қила бошладим. Мулла ўзини уйқуга солди. Бир станция йўл юрдик, ҳали ҳам ҳамма ўзи билан ўзи овора эди. Бироқ мулланинг уйқуси келмай, ахийри юраги сиқилиб, чуқур «уҳ» тортди-да, менга қараб, деди:
— Биродар, бу икки киши ўз суҳбатлари билан машғуллар. Сиз билан биз илм аҳлимиз, нега бир биримиз билан суҳбат қилиб кетмаймиз?
Мен: Фақир китоб мутолаа этмоқдамен, бироқ сиз нега шерикларингиз суҳбатига қўшилмайсиз?
Мулла: Биродар, биз илм аҳлидирмиз, булар эса дунё аҳли. Биз уларнинг суҳбатидан ҳеч нарса тушунмаймиз.
Мен: Яхши, Сиз булар билан суҳбатлашинг, зора булар Сизнинг сўзларингиздан баҳраманд бўлсалар.
Ҳар иккала тужжор ўз суҳбатларини тўхтатиб, бизнинг гапларимизга қулоқ солар эдилар. Улардан бири менга табассум билан деди:
— Жаноблари Самарқанддан бу ёғига тўхтамасдан бизга навбат бермай суҳбат қилдилар. Бахтсизликни қарангки, биз ҳам у кишининг суҳбатидан ҳеч нарса тушунмадик.
Мен: Сизлар домулланинг сўзларига диққат билан қулоқ солмагансизлар, шунинг учун тушунмагансизлар, бўлмаса илм аҳлининг суҳбати ҳамиша ва ҳамма вақт ҳам эшитишга арзигулик ва фойдаланишга лойиқдир.
Тожир: Яхшигина эшитдик, мақсадларини ҳам билдик, бироқ фойдалана олмадик.
Мен: Ажабо, домулланинг суҳбатидан нимани тушунганингизни менга айта оласизми?
Тожир: Албатта айтаман. Домулла ҳазратлари беш соат давомида тинмасдан, нафас олмасдан гапирдилар. Суҳбатларининг бошидан охиригача шуни билдикки, марҳум қозикалон яхши одам эканлар, бир неча марта домулло жанобларига кулиб боққан эканлар. Агар ўлмаганларида бу кишига катта мударрисликни берар эканлар. Бироқ, афсуски, қазо қилибдилар. Аммо ҳозирги қозикалоннинг инсофи йўқ эмиш, чунки ҳалигача домулла жанобларига кулиб қарамабди. Инсоф этинг, биз бечоралар бундай суҳбатдан нима баҳра оламиз?
Домулла: Биродар, булар дунё учун яратилган одамлар дедим-ку! Келинг, ўзимиз гаплашиб кетамиз.
Мен: Домулла жаноблари, сиз нега буларни ҳар сафар «дунё аҳли» деб камситасиз?
Домулла: Тўғри-да, улар доимо савдогарлик билан машғулдирлар, молу мулк, давлат эгаси бўлиш учун интиладилар, шунинг учун уларни «дунё аҳли» деймиз ва эътибор билан қарамаймиз.
Мен: Нима учун эътибор қилмайсиз?
Домулла: Чунки Пайғамбар ҳазратлари буларнинг ҳаққига шундай деганлар: «Ад-дунйа жалата ва талибиҳа килабун» , яъни дунёнинг ўзи ўлган ҳайвон мисолидир ва талаганлар итдирлар.
Мен: Ундай бўлса бу икки киши ҳам ит экан-да?
Домулла кулиб туриб деди:
— Пайғамбарнинг айтишидан шу маъни чиқади, бироқ бизнинг шаҳримизда шариатга аҳамият бермайдилар. Шунинг учун ҳам, ҳар кимнинг кўнгли нима истаса шу билан машғул бўлади ва илло, агар бизнинг одамларимиз расули худо буюрганидек иш тутсалар эди, бундай ишларга ҳеч қўл урмас, кечаю кундуз тоат-ибодат билан машғул бўлар эдилар.
Мен: Агар барча кишилар кечаю кундуз тоат ва ибодат билан шуғуллансалар, бирон ишга қўл урмасалар, унда озиқ-овқатлари ва кийим-бошларини қаердан топадилар?
Домулла: Худо етказади.
Мен: Булар авомлар. Агар шариатга қарши бирон иш қилсалар ҳам атайин эмас, балки адашиб қиладилар. Шунинг учун уларга айб йўқ, аммо Сиз жаноблари олимсиз, расули худонинг айтганлари асосида иш тутасизми ёки йўқми?
Домулла: Албатта иш тутаман.
Мен: Дунёнинг моли учун ҳаракат қилишни худо ва расул ман этган, дейдилар. Сизнинг ўзингиз дунё молига эга бўлиш учун ҳаракат қиласизми?
Домулла: Мен аслида бу ишларга қўл урганим йўқ. Ҳамиша тоқат этиб, Оллоҳнинг ёди билан машғулман.
Мен: Шундай экан, бу тужжорларга нега «марҳум қозикалон яхши одам эдилар, доимо табассум билан боқар эдилар. Бу қозикалон инсофсиздир, менга кулиб қарамайди», дебсиз. Сўзларингиздан маълум бўладики, Сиз ҳам дунё мол-мулкининг талабгори экансиз. Сизнинг бу савдорарлардан фарқингиз шундаки, улар ризқ-рўзларини ўзларининг саъй-ҳаракатларидан топадилар. Сиз эса қозикалоннинг кулиб боқишидан. Тужжорлар кеча-кундуз ўз ҳаракатлари билан оворадирлар. Сиз жаноблари эса қозикалон жанобларининг табассумини овлайсиз.
Домулла: Биродар, албатта бандасининг ризқини худо беради, бироқ сабабсиз бермайди. Албатта бирон бир сабаб керак. Бизнинг ризқ-рўзимизнинг сабаби ҳам қозикалондирлар. Шунинг учун гоҳида қозикалон табассумининг фикрида бўлишнинг ҳам зарари йўқ.
Мен: Тўғри, аммо калтак яна Сизнинг бошингизда синади. Булар ҳам Сизга ўхшаб худонинг ризқ бериши ва бунга маълум сабаб бўлиши зарурлигини биладилар. Шунинг учун тижоратни ўз ризқларининг сабаби деб биладилар. Менимча, буларнинг ишлари Сизнинг ишингизга нисбатан шариат юзасидан яхшироқ ва олийроқдир. Чунки ҳақ таоло буюрадики, «Лайса лил-инсани илла ма саъй». Ҳазрат пайғамбар алайҳи-с-салом буюрганлар: «Ҳалол йўлни тилаб чарчаб қолган кишилар ухласалар, уларнинг гуноҳларини худованд кечирган ҳолда ухлаганлар». Бошқа бир жойда айтганлар: «Ораларингдан бир киши арқонни олиб тепага чиқсин, ўтин йиғсин, сотсин ва у бу пулни ўзига сарфласин, агар мумкин бўлса садақа ҳам берсин, бу ўз ризқини бошқалардан умид қилишдан кўра яхшироқдир». Бу ҳадис ва оятларнинг ҳар бири саъй ва амални муқад-дас билади, унинг эгаларини башорат этади ва саволлар арбоби бўлган сизларга мазаммат ва танбеҳ беради.
Домулла: «Ад-дунйа ифата ва талибуҳа калоб» ҳадисига нима дейсиз?
Мен: Бу ҳадисни қаерда кўрдингиз?
Домулла: Эшитдим.
Мен: Менимча, бу пайғамбар ҳадиси эмас.
Домулла: Йўқ, йўқ! Албатта Расулуллоҳ ҳадиси бу, чунки бу ҳадисни мен устодларимдан эшитганман.
Мен: Устодлардан эшитганингизнинг ўзи ҳадиснинг тўғрилигидан далолат бермайди. Сиз ҳам биласизки, дунёда ҳадис жуда кўпдир. Лекин уларнинг барчаси пайғамбар алайҳи-с-саломнинг ҳадиси эмас. Уларнинг кўпи сохта ва ёлғондир. Имом Муҳаммад бинни Исмоил Бухорий «Саҳиҳи Бухорий»ни яратиш учун олти юз минг ҳадис тўплаб, уларнинг ичидан тўққиз минг икки юзта тўғри ҳадисни ажратиб, ўз китобини яратди. Шунда ҳам бу ҳадисларнинг уч мингигина аслдир.
Яна айтишларича, Имом Бухорий ўша олти юз минг ҳадисдан олти мингини танлаган эмиш. Бу ерда бир муҳим нуқта мавжуд. Уни ҳам арз эта қолай. Имом Бухорий икки юз эллик олтинчи ҳижрий йилида оламдан кўз юмган. Маълум бўлишича, пайғамбар  замонидан бошлаб Имом Бухорий давригача олти юз мингга яқин сохта ҳадис вужудга келган. Ким билади, Имом Бухорий замонидан бизгача бўлган бир минг етмиш йил ўртасида неча миллионлаб сохта ҳадислар вужудга келган экан? Шунинг учун, устоддан эшитган билан ҳар бир ҳадис тўғри бўлавермайди.
Тужжорлардан бири деди:
— Энди бу масалани қўйиб, сал мақсадимизга қайтайлик. Маълумки, биэнинг Бухорода тижорат иши орқада қолиб кетган. Бунинг сабаблари кўп. Бироқ шуни ҳам инкор этмаслик керакки, энг катта иллат — уламо ва машойихларимиздадир. Чунки бу азизлар пул ва давлатга эга бўлмаслик ҳақида шунчалик кўп ҳикоят ва ҳадислар ўйлаб топганларки, тижорат ва пулга эга бўлишлик фикрини миллатимиз дилидан сидириб ташлаганлар. Масалан, бугун ўзим савдогарману аммо ишимга нисбатан кўнглим ҳеч исимайди, чунки биламан; дунёда пул орттириш Оллоҳ фармойишига хилофдир.
Мен: Ҳақиқатда ҳам бу масала баҳсга арзирлидир. Менимча, ҳар бир қавм учун тижорат ва пулдорлик ақл ва одат юзасидан зарур бўлгани сингари, шариатан ҳам керакдир. Бутун Қуръонда ва ҳадисларнинг барида мусулмонларни бу Йўлдан қайта-риш борасида бирон сўз топа олмайсиз. Аксинча, Худо ва унинг Расули бу ишни юксалтириш борасида олий фармойишлар берганлар. Мен уларни айтишдан олдин, ўз муддаоимни бир аниқ ақлий далил билан исботламоқчиман. Сизларнинг ҳар бирларинг яхши биласизларки, мусулмончилик биноси беш амрдан иборатдир: иймон, намоз, закот, ҳаж, рўза. Ҳар ким закот ва ҳажни амалга ошириш учун пул кераклигини билади. Пулсиз кишилар бу икки ибодатдан маҳрумдирлар. Бироқ, агарчи рўзани бенаво киши-лар ҳам адо этсалар-да, шунга иқрор бўлайликки, бойликка эга бўлган муфтхўрларнинг намоз ва рўзалари бечора кишиларнинг намоз ва рўзасидан яхшироқдир. Чунки, намоз шартларидан бири шуки, намоз ўқиётган киши Оллоҳ томонга қараб чин дилдан инти-лиши керак. Бироқ, оч-қашшоқлар ҳамма вақт эртанги кунда қўлга киритилиши зарур бўлган нонларини ўйлар эканлар, бундай лаззатга ҳеч эриша олмайдилар. Шу қатори, давлатманд кишилар рўза кунларида туш пайтида ҳам мазали таомларни ейишга қо-дирлар ва уларнинг табиатлари ҳам мазали овқатлар тановул қилишга майлдордир. Бечоралар эса, фақат худонинг ризолиги учун тушки таомларидан воз кечиб, намоз-шомгача оч юрадилар. Шунинг учун давлатмандлар рўзасида илоҳий амрга итоат зоҳир этилади, бу эса қашшоқ кишиларда кўринмайди.
Худо раҳмат қилсин, қаранг, ислом файласуфи Саъдий нималарни ёзибди: «Агар саховат, эҳсон қудратдир ва агар сажда этиш қувватдир, давлатдорга поклик, ҳалол давлат, пок кийим, шараф ва номус, кенг феълга эга бўлиш имкони бор. Тоатнинг қудрати латиф сўзлардадир ва ибодатнинг асли покиза либосдадир. Маълумки, «бўш қориндан қандай қилиб қувват ва ҳеч вақосиз қўлдан қандай мурувват кела олади».
Тавонгаронро вақф асту назру меҳмони. Закоту фитраву эътоқу ҳадьяву қурбони. Ту кай ба давлати эшон раси, ки натвони, Чуз ин ки ду ракъату он ҳам ба сад парешони.
(Мазмуни: Давлатдорларнинг иши вақфу меҳмондорчиликдир, яна закот, фитр, кимнидир озод этишу ҳадя бериш, ҳам қурбонлик қилишдир. Сен икки ракаат намо-зингни паришон ҳолатисиз ўқий олмаганингдан кейин уларнинг давлатига қачон тенг кела оласан).
Энди покизалик, иймон ва Оллоҳнинг ягоналиги, пайғамбарнинг нубуввати дин билан тасдиқ этилиши ва тилда иқрор бўлишидир. Ушбу тасдиқ ва мазкур иймон учун оз бўлса-да, илм керакдир. Озгина илм таҳсили ҳам пулсиз амалга ошмайди. Демак, исломнинг буюк бир рукнини амалга ошириш учун-да маблағ даркор. Маълум бўлди-ки, мусулмончиликдаги беш бинони яхши адо этиш учун ҳам пул керак. Шунинг учун ҳам пайғамбар алайҳи-с-салом буюрганлар: «Камбағаллик кофирликка яқиндир», «Худодан қашшоқлик ва муҳтожликка тушмаслик учун паноҳ тиланг».
Домулла менинг сўзларимдан ғазабланиб, деди:
— Сизнинг барча айтган бу сўзларингиз икки жиҳатдан тўғри эмас: биринчидан, сизнинг ўқиган ҳадисларингиз ёлғондир, чунки пайғамбаримиз ҳеч вақт қашшоқликни ёмон деб айтган эмаслар, балки «мен камбағалман ва бу билан фахр этаман», деганлар. Кейин, сиз мусулмончиликдаги беш фарзни тўлалигича адо этишни пулсиз мумкин эмас, дедингиз. Ваҳоланки, Бухоро уламоларининг барчаси қашшоқлик тарафдоридирлар, шунга қарамасдан улар бу беш рукнни тўла адо этадилар.
Мен: Домулла жаноблари, биринчидан пайғамбар ҳазратлари ифтихор қилган нарса қашшоқлик эмас, балки Оллоҳ розилиги билан нафсни тийишдир. Бундай фақирлик давлатдор кишиларда ҳам мавжуддир. Масалан, бир давлатманд киши рамазон ойи тўла рўза тутмасдан кундузи уйида бекиниб олиб, лаззатли таом пишириб, еб кечалари уйида мажлислар тузаб, ичкиликбозлик билан шуғулланиб, шароб шишалари-дан фойдаланиши мумкин. Лекин у буларнинг ҳеч бирини қилмайди, ҳеч қандай жабр ва иқрорсиз, фақат худони рози этиш учун кундузлари рўза тутиб, кечалари намозу ибодатга тайёр туради. Унинг бу ишини «нафсни жиловлаш ва Оллоҳнинг ризолиги» дейдилар. Ана шу — ҳазрат пайғамбар ифтихор этган фақирликдир. Кейин, Сиз Бухоро уламолари қашшоқлик тарафдордирлар, дедингиз. Тўғри, Бухоро уламолари қашшоқлик тарафдоридирлар, бироқ ўзлари қашшоқ эмаслар. Сизнинг уламоаларингиз қашшоқликни ўзлари учун эмас, балки ўзгалар учун муносиб биладилар. Шунинг учун улар «сен ўлгину мен қолай», дейдилар.
Энди асл мақсадга қайтайлик. Шариатнинг ҳам пулни муҳофаза этиш ва тижорат ташвиқи ҳақида кўп топшириқлари бор. Шу жумладан, айримларини зикр этай: «Ниса» сурасида Роббулиззат ҳазратлари буюрганларки, «ўз молларингни ақли паст ва билимсиз, маданиятсиз кишиларга берманглар, чунки Оллоҳ таоло сизни бор-будингизнинг шаклланиши ва манфаатингиз учун яратгандир». Расулуллоҳ ҳазратлари ҳам ўз ҳадиси шарифларида бундай деб айтганлар: «Ростгўй тожир ва амин пайғамбар содиқ кишилар ва саидлар қаторида туради...»

Шундай қилиб, ислом шариати тижорат ва давлатдорликни ман этган эмас, балки амр этган. Бироқ, шуни ҳам билишимиз керакки, ислом бизни тижоратдан ман этмагану бироқ бахиллик, исрофгарчилик ва тамагирликдан қаттиқ тергаган. Шундай экан, ҳар ким худонинг ва унинг расулининг мутеи экан, пулдорлик ва тижорат ишига интилиши керак ва тама ҳамда исрофгарчилик касалидан ҳазар этиши зарур.
Шу пайтда вагон бир станцияга келиб тўхтади. Сўрадим: Кармана экан. Тожирлардан бири ташқарига чиқиб, нон ва чой олиб келди, биргалашиб танаввул этдик. Домулла пастга тушиб, бир оз айланиб келдилар. Бироқ, қайтиб бизнинг олдимизда ўтирмасдан, бошқа жойни маъқул билдилар. Биз яна ўз суҳбатимизни давом эттириш билан машғул бўлдик.
Тожир: Сизнинг сўзларингиздан жуда мамнун бўлдим. Бухоро муллалари бизни «дунё одами» деб кўп дакки берадилар.
Мен: Тўғри, агар давлатманд киши ростлик ва саховатдан узоқ бўлмаса ҳам ақлан ва ҳам шаръан мадҳу санога сазовордир. Ўйлаб кўринг, мусулмонлар ўз динлари ҳақида қаерда таълим оладилар? Мадрасада. Намозларини қаерда ўқийдилар? Масжидда. Бу масжид ва мадрасани биз учун ким қуради? Давлатманд кишилар. Шунинг учун, давлат эгалари ҳақоратлашга эмас, мадҳ ва мақтовга лойиқдирлар.
Мен бизнинг динимиз тижоратга тарафдорлик қилиш ҳақида изларга фикр билдирдим. Бироқ бу масала борасида ҳеч нарса демадим. Энди шу ҳақда баҳс қилмоқчиман. Ажабо, ислом дини нега тижоратни қўллаган? Чунки, тижорат масаласи башариятнинг ҳаёт-мамот масаласидир. Дунё халқларидан биронатсининг иши тижоратсиз амалга ошмайди. Айниқса, бизнинг давримизда савдо иши жуда эътиборга сазовордир. Қадим замонда оламнинг амир ва подшоҳлари фақатгина ўзларининг шаҳвоний нафс-лари учун бир-бирлари билан ярашар ва урушар эдилар. Агар қадимги жангларга диққат билан назар солсак, уларнинг асл сабаби ўша подшоҳлардан бири қизини иккин-чисига бермаганлиги ва уни иззат-икром этмаганлиги бўлиб чиқади. Лекин бизнинг давримизда бўладиган урушларнинг асл сабаби савдо можароларидан бошқа нарса эмас. Масалан, тараққий этган бир давлат ўз тижоратини кенгайтириш ниятида бошқа қолоқ давлат ерига боради ва айрим имтиёзларга эга бўлиб, у мулкнинг Йўлини ўз тижорати учун очади ва маълум муддатдан кейин бу мулк аҳли унинг тижоратига монелик қилиб халақит бера бошласа, шу заҳотиёқ уларнинг устйга лашкар тортиб, ҳар қандай Йўл билан уларнинг ерларини ўзиники қилиб олишга ҳаракат қилади. Агар бошқа бир кучли давлатда ҳам ўша пайтда тижорат ишлари юксалган бўлса, у ҳам ўз савдо миқёсини ҳимоя этиш учун қарши томондан лашкар тортиб урушга киришади. Шундай қилиб, икки буюк давлат бошқа бир кичик давлатнинг ерида тижорат равнақи учун лашкар тортадилар.
Тожирлар: Ажабо, давлатлар савдоларининг ҳимояси учун бунчалик ўзларини қурбон қилмасалар? Фараз этайлик, уларнинг икки-уч одами фойда қилди ёки зарар кўрди, бунинг давлатга нима дахли бор?
Мен: Бу давлатлар ҳар мулкнинг молини ўзига сарф этадилар ва фақат ўша ернинг тижоратидан фойдаланадилар. Масалан, бугун Ҳиндустон инглизларнинг қўлида, бироқ Ҳиндустон миллиётидан бир пул ҳам инглизлар хазинасига кирмайди. Барчаси фақат Ҳиндустон ободлигига сарфланади. Инглиз давлати фақат у ернинг тижоратидан фойдаланади. Шунинг учун ҳам, бу тижорат учун жони борича ҳаракат қилади. Чунки, маълумки, агар Ҳиндустонда Англия тижорати ўрнини Германия эгалласа, унда Англия учун Ҳиндустоннинг бор-йўқлигининг фарқи қолмайди.
Энди озгина бўлса-да бухоролик тужжорлар аҳволини тадқиқ этайлик. Менимча, сйзларнинг бугунги тижоратларингиз бизнинг пайғамбаримиз амр қилган тарздаги эмас, балки абадан фойда келтирмайдиган, ўзгача тижоратдир. Пайғамбаримиз бизга амр этган тижорат бугунги оврўполикларнинг тижоратидир, чунки улар бундан манфаат кўриш учун фойдаландилар. Бироқ сизларнинг савдогарларингизнинг аксарияти бугунгача фақатгина фойда кўриш учун эмас, балки ўзларининг нафсоний ҳаваслари туфайлигина бу иш билан шуғулланганлар. Масалан, Бухорода фалон бой олтмиш минг тери олади. Нега? Чунки бошқа бир бой ҳам шунчалик тери олган. Бу йил фалон бой тижорат учун Америкага боради нега? Чунки, кўнгли саёҳатни тилабди. Бу ишларни тижорат демайдилар. Ана шу ўйинларни тижорат деб қабул қиладиган ҳар бир қавм албатта маҳв ва нобуд бўлиши муқаррардир.
Бу фикримни исботлаш учун бир оз баҳс қилмоқчиман. Сиздан сўрасам: Бухоро тужжорлари аввал пахта савдоси билан шуғулланганлар. Энди эса шуғулланмай қолдилар?
Тожир: Чунки пахта савдосидан кўп зарар кўрдилар.
Мен: Шу кунлар (яъни бухоролик тужжорлар пахта савдосидан қўл тортганларидан кейин) Бухородаги бегона савдогарлар ҳам пахта савдоси билан машғулмилар ёки улар ҳам бу ишдан қўл тортдиларми?
Тожир: Шу кунларда Бухорога жуда кўп кишилар пахта сотиб олиш учун келадилар ва кўп пул ишлайдилар.
Мен: Ана шу бегоналар Бухоро савдогарлари каби зарар кўрадиларми ёки фойда олмоқдаларми?
Тожир: Агар улар ҳам бизнинг тожирларимиздек зарар кўрганларида эди, пахта сотиб олишдан қўл тортар эдилар. Бироқ, ҳозирча бу ишдан тўхтаганларйча йўқ, аксин-ча, ҳар йили аввалгисидан кўра кўпроқ даромад олмоқдалар. Айтиш мумкинки, зарар кўрмайдилар, балки фойда оладилар.
Мен: Ажабо, Бухоро тужжорлари бухоролик бўла туриб, ўз шаҳарларининг паст-баландини бегоналардан яхшироқ билсалар-да, нега пахта савдосидан зарар қўрмоқдалар? Бегоналар бегоналигига қарамасдан, Бухоронинг йўл-йўриғини билмай, қандай қилиб фойда олибдилар?
Тожир: Бегоналар барча ускуналарини ўзлари қурадилар, тузатадилар, биз бу жиҳатдан уларга муҳтожмиз ва шунинг учун ҳам бизнинг харажатимиз уларнинг харажатидан кўпроқдир.
Мен: Сизларнинг фалокатга ботишларингизнинг сабаби фақат бугина эмас. Яна бир йирик иллат ҳам бор. Ажнабийлар ўзлари иттифоқ ва бирликка эга. Сизлар эса, пулларингизни ҳамиша ўзаро қарама-қаршиликларингиз йўлида сарф этасизлар. Молни сотиб олаётган пайтда сизнинг фикр-ўйингиз бухоролик фалон бой устидан ғалаба қозониш борасида бўлади. Ундан кўпроқ мол олиб, уни синдирсангиз бас. Шунинг учун жуда кўп ҳолда бир-бирларингизга қасд этиб, пахтани Москов нархидан тўрт баравар ошиқ олиб, тенгсиз зарар кўргансизлар. Тери сотиб олишда ҳам аҳвол шу. Бироқ ажнабийлар бу йўлни тутмайдилар. Улар бозорга кириб савдо қилишдан олдин, тўпланишиб маслаҳат қилишади. Кўрадиларки, пахтанинг нархи Масковда ўн беш сўм, улар бу ерда ўн сўмдан оширмасликка қарор қилишади. Кейин бозорга кириб, ўз аҳдларида туриб савдо қиладилар. Пахта нархи ўн сўму бир тангага тенг келиши биланоқ, барчалари ҳамёнлари оғзини бекитадилар. Чорасиз қолган деҳқон яна бир танга тушнб, арзон сотади.
Энди сизнинг фикрингиз ва менинг қарашларимни бир жойга жамласак, қуйидаги натижа ҳосил бўлади:
1. Бегоналар ўзаро иттифоқ тузиш ва бирлашиш кучига эга, сизларда эса нифоқ ва бегоналик бор.
2. Бегоналарнинг ўз фабрикалари бор, сизларда йўқ.
3. Улар савдо илмини неча йил зўр бериб ўқиганлар ва биладилар, сизлар билмайсизлар.
Шунинг учун ҳам улар фойда кўрадилар, сизлар — зарар. Шунинг учун пахта тижоратини бутунлай ва пилла тижоратини қисман сизлардан олганлар ва аминманки, агар ускунасизлик ва илмсизлик, ўзаро нифоқлар тугамаса, тери тижоратини ҳам бой беришингиз шак-шубҳасиздир. Бошқалар сизларнинг тижоратингизни тортиб олмаслиги учун нима қилиш керак?
Энг аввало, ўртангизда иттифоқ ва бирлик бўлмоғи лозим. Дини мубийнимиз ислом ҳар хусусда ҳам иттифоқ ва бирликни амр этган. Оҳ, агар уламоларимиз шундай бир муҳим илоҳий амрни бизга дурустроқ тушунтирсалар эди ва биз ҳам амал қилсак эдик, бугун бунчалик қаттиқ балоларга учрамас эдик.
Кейич, сизларнинг ўз фабрикаларингиз бўлмоғи лозим. Шуни тан олиб айтаманки, бугун Бухорода сармояси ҳам фабрика қуриб, ҳам тужжорлик қилишга етадиган киши йўқ. Агар ўнта бухоролик сармоядорнинг пули бир жойга тўпланса, тўртта фабрикага эга бўлиш мумкин ва бу сармоя эгалари муваффақият билан савдо ишини юрита оладилар. Оврўполиклар ширкатларнинг афзаллигини яқинда кашф этиб, ўз миллатларини бу ширкатларни тузишга даъват этдилар. Бироқ, бизнинг пайғамбаримиз бундан бир минг уч юз йил олдин амр этиб деган эдилар: «Оллоҳ таоло дейдики, иккита бир-бирига. хиёнат қилмайдиган шарикларни мен ҳимоя этаман ва қачонки хиёнат этсалар, менинг ҳимоямдан маҳрум бўладилар».
Учинчидан, сизлар ўз фарзандларингни тижорат мактабларига юбориб, савдо илмида ўқитингиз, чунки бегоналар тижорат илмидан хабардор, сиз эса бехабарсиз. Оллоҳ таоло бу маънини Қуръонда хабар берган: «Билмаганлар билганларга тенглаша олмайдилар.
Яна бошқа масала ҳам бор. Буни ҳам арз этай. Тижоратдан мақсад — бойлик орттиришдир (яъни пул топиш). Аммо, сарватни қўлга киритишнинг йўли фақатгина тижорат эмас. Бунинг жуда кўп йўллари бўлиб, тижорат — шулардан биридир. Бошқа йўл: «иҳрож санъати», яъни ер ости бойликларини чиқариб олиш ва «амал санъати», яъни ускуналар (фабрика, заводларни) яратишдир. Афсуслар бўлсинки, сиз бухоролик-лар бу иккала томонга мутлақо эътибор бермагансизлар. Бухорога тегилши ерларда тилла, мис, темир, кўмир, лампа мойи ва бошқалар қўпдир. Сиз бухороликлар улар-дан баҳраманд бўлмаганларингдан кейин, бу бойликлардан нима фойда? Яна қайтара-ман, йирик ширкатлар тузиб, нифоқ ва бегоналикни бир томонга Йиғиштириб, интилиш ва ҳаракатларингизга мунтазир қолган ва худонинг неъмати бўлган ер ости бойликларидан баҳраманд бўлингиз. Аммо бу бойликлар, рудалардан фабрика ва машиналар ёрдами билан тоза ва озода ҳолда фойдаланиш лозим.
Шуни ҳам билингки, агар сиз бухороликлар, таъкидлаганимдек, бу худо берган неъматдан фойдаланмасангиз, албатта ҳаял ўтмай бегоналар бу бойликларга эга бўлиб, уларнинг ҳар бирининг устида фабрикалар ва ҳайратангиз машиналарни ўрнатадилар. Дунё-дунё пул ишлаб оладилар. Минглаб хизматчилар бу ишга сафарбар қилинади. У вақтда сизларнинг фарзандларингиз чорасиз қолиб, уларнинг хизматларига бўйин эгишлари муқаррар.
Бугунги кунда «аъмал санъати»нинг бир қисми, масалан, алоча тўқиш ва бошқалар сизнинг мамлакатингизда мавжуд, бироқ буларнинг барчасини эски усул билан қургансиз. Агар уларни қайтадан, янгича қурмасангиз, санъатларнинг барчаси ҳам қўлингиздан кетиши муқаррар.
Шу пайт айтишди: «Когонга етиб келдик». Ҳар ким ўз нарсаларини тугишга киришди. Мен ҳам ўз нарсаларимни боғлаб олдим. Вагон тўхтади, тушиб фойтунга ўтириб, ўша дўстимнинг уйига қараб кетдим. У киши менинг қайтганимдан шод эди. Уч кун ўша ерда туриб, кейин ўзимнинг муборак ватаним томон йўл олдим.
Муродим насиҳат айтмак эди, айтдим. Худога топширдим дедим-у, кетдим.

 

Тожик тилидан Ҳасан ҚУДРАТУЛЛАЕВ таржимаси

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин